Яна бир долзарб масалада Жамоатчилик эшитуви ўтказилди

Яна бир долзарб масалада Жамоатчилик эшитуви ўтказилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 12 апрелдаги “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ЎРҚ-474-сонли Қонуни асосида жамоатчилик эшитуви ташкилланди.

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 августдаги 646-сонли қарори билан “Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланган бўлиб, мазкур Низом билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тизимидаги ташкилий-техник талаблар белгиланган, етказиб берувчилар, газ таъминоти ташкилотлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари ўртасида суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш борасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солинган.

Лекин бугунги кунда аҳолини суюлтирилган углеводород гази билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар жараёнида эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда, аҳолида етказиб берилган суюлтирилган углеводород гази учун ҳисоб-китоб қилиш бўйича ҳақли эътирозлар ва тушунмовчиликлар ҳам мавжуд. Ушбу ҳолатлар аҳолини суюлтирилган углеводород гази билан таъминлаш жараёнини турлича, ўрни келганда нотўғри талқин қилинишига сабаб бўлмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали масъуллари иштирокида ўтказилган Жамоатчилик эшитуви доирасида юқоридаги ҳолатларга аниқлик киритиб олинди.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати раҳбари Ғайрат Маматқулов Жамоатчилик эшитувини очар экан, “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали масъулларидан эшитув доирасида қуйидаги ҳолатларга аниқлик киритиб берилишини сўради:

– Низомнинг 45-бандига асосан, истеъмолчи етказиб бериладиган суюлтирилган углеводород гази учун тўловни тузилган шартнома асосида амалга ошириши лозим. Бугунги кунда вилоятдаги барча суюлтирилган углеводород гази олувчи истеъмолчилар шартномалар билан таъминланганми? Етказиб берувчи томонидан шартнома мажбуриятларини бажариши ҳолати қай аҳволда?
– Низомнинг 46-бандига кўра, истеъмолчи суюлтирилган углеводород гази етказиб берилганлиги ҳолати бўйича тўловни амалга ошириши шарт, 47-бандига кўра эса, олинган суюлтирилган углеводород гази учун тўлов истеъмолчиларнинг танловига кўра исталган тўловларни қабул қилиш шохобчалари орқали амалга оширилади. Истеъмолчи тўловни исталган тўловларни қабул қилиш шохобчалари орқали амалга ошира олиши (истеъмолчининг эркин танлов ҳуқуқи) учун қандай шароитлар яратилган?
– 48-бандига асосан, газ таъминоти ташкилотига истеъмолчилардан етказиб берилган суюлтирилган углеводород гази учун тўловни нақд пул шаклида қабул қилиш тақиқланади (онлайн назорат-касса машиналари қўлланилган ҳолатлар бундан мустасно). Нега газ таъминоти ташкилотига истеъмолчилардан тўловларни қабул қилиб олиш тақиқлангани ҳолда, жойларда аҳоли билан нақд пулли ҳисоб-китоблар амалга ошириб келинмоқда? Шунинг билан биргаликда, 20 кг суюлтирилган углеводород гази билан тўлдирилган баллон учун истеъмолчи 22400 сўм тўловни амалга ошириши белгилангани ва бунинг учун онлайн назорат касса машиналари бўлмагани ҳолда, тўловлар олинаётгани, истеъмолчиларга нақд пулда қайтим бериш ўрнига турли товарлар (сальник ва бошқалар) билан ҳисоб-китоб қилиш ҳолатлари содир этилаётганлигини қандай баҳолаш мумкин? Бу эса “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасида кўрсатиб ўтилган қонунбузилиши ҳолатига олиб келмоқда. Кейинги пайтларда “ўрнатиб бериш хизмати” учун деб истеъмолчилардан қўшимча ҳақ олинишини қандай изоҳлаш мумкин?

“Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Дилмурод Хожиахмедов “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 августдаги 646-сонли қарори билан тасдиқланган “Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг 9-боби 45-48-бандлари ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида” маъруза қилар экан қуйидагиларга тўхталди:

– Бугунги кунда вилоятимиздаги 509784 та суюлтирилган углеводоро гази истеъмолчиларининг ҳар бири билан икки томонлама шартномалар тузилиб, бир нусхаси истеъмолчи қўлига етказилган, бир нусхаси эса тумандаги газ таъминоти бўлимларида сақланиб, таъминотлар ана шу шартномалар асосида амалга ошириб келинмоқда.
Биз Низомда кўрсатиб ўтилган тўловларни амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июндаги 633-сонли қарори 1-иловасидаги “Ёқилғи энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифлари” асосида аҳолидан 1 кг суюлтирилган газ учун 1120 сўмдан, 20 кг лик баллон учун 22400 сўм тўлов олмоқдамиз.

Туман бўлимларимизда давлат солиқ инспекцияларидан рўйхатдан ўтказилган онлайн назорат касса машиналари мавжуд бўлиб, истеъмолчиларга мазкур касса аппаратлари воситасида тўлов тўланганлигини тасдиқловчи чеклар бериб келинмоқда.

Энди истеъмолчилардан “ўрнатиб бериш хизмати” учун олинаётган маблағларга тўхталсак. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 июндаги 348-сонли қарори қабул қилинган, шунга асосан истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича 646-сонли қарорга айрим ўзгартиришлар киритилган. Истеъмолчининг “ўрнатиб бериш хизмати”дан фойдаланиши ихтиёрий бўлиб, фақатгина шу хизматлардан фойдаланилган ҳолдагина ундан 3000 сўм тўлов қабул қилиб олинади ва унга тўлов тўланганлигини тасдиқловчи чек берилади.

Ҳозирги кунда суюлтирилган газ истеъмолчиларига бепул ID карталар тарқатилмоқда. 1 августдан бошлаб вилоятимиздаги суюлтирилган газ истеъмолчилари тўловларни ана шу ID карталар орқали амалга ошириб борадилар. Натижада истеъмолчиларимизда бугунги кунда муаммо сифатида қўйилаётган айрим саволлар ва тушунмовчиликлар, хусусан қайтимига сальник берилди каби эътирозлар ўз-ўзидан ечим топади.

Газ идораси масъул ходимининг маърузасидан сўнг, тадбир иштирокчиларининг саволларига атрофлича жавоблар қайтарилди.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати

1 comment

Post Comment