Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вакиллари Фарғонада сайёр қабул ўтказдилар
Етмиш нафарга яқин жисмоний ва юридик шахслар вакиллари иштирок этган мазкур сайёр қабул ташкилотчилари томонидан таъкидланишича, сайёр қабул соҳада фаолият олиб бораётган жисмоний ва юридик шахслар фаолияти билан яқиндан танишиш, уларни қийнаётган муаммоларга ўз вақтида ечим топиш, уларнинг ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмларини оширишга кўмаклашиш мақсадини кўзлайди.
Дастлаб мутахассислар томонидан соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида тақдимот ўтказилиб, фармацевтик фаолиятга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалда тадбиқ этилиши юзасидан тушунтиришлар берилди. Шундан сўнг, вилоятда дори воситаларини тайёрлаш, дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш, уларнинг улгуржи ва чакана савдоси соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларининг талаб, таклиф ва муаммолари тингланиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.
Режага мувофиқ, куннинг иккинчи ярмида тадбир ташкилотчилари ва ОАВ вакиллари иштирокида Учкўприк туманида фаолият юритаётган “Меҳригиё” хусусий корхонасига пресс-тур ташкилланди.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment