Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари билан ҳамкорлик

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари билан ҳамкорлик

Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан Федерация Устави билан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги турли ташкилот ва идораларда ишчи ва ходимлар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиб борилаётгани ҳақида хабарлар бериб бораяпмиз. Тумандаги “Фаровон” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлиб ўтди.

“Истеъмолчилик ҳуқуқларингизни биласизми?” деб номланган тадбир маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари иштирокида ташкилланиб, унда иштирокчиларга тизимда олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборотлар, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар бериб ўтилди.

Шунинг билан биргаликда, истеъмолчилик ҳаракатининг вужудга келиши ва тараққиёти, уни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан эътироф этилиши масалаларида ҳам маълумотлар бериб ўтилиб, ҳар йили 15 март кунида бутун дунёда “Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” сифатида кенг нишонланиши эслатиб ўтилди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчиларининг истеъмолчилик соҳасига оид масалалардаги фикр ва мулоҳазалари тингланиб, уларнинг саволларга жавоблар қайтарилди.

Наргизахон Шералиева
Учкўприк туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment