Миллий мақсадлар индикаторларини шакллантиришда аҳолини рўйхатга олишнинг роли катта

Миллий мақсадлар индикаторларини шакллантиришда аҳолини рўйхатга олишнинг роли катта

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Аҳоли сонига, ёш-жинс таркибига кескин таъсир кўрсатган ўзгаришлар, республика ҳудудидаги аҳоли жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар аҳолининг жорий ҳисобига оид мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2015 йил 10 июндаги «2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар» резолюциясига таяниб, аъзо давлатларни 2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастури доирасида аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишга тааллуқли халқаро ва ҳудудий тавсияларни инобатга олган ҳолда камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказишга қатъий даъват этади.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарори қабул қилинди. Бунда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсади, асосий вазифалари ва босқичлари белгилаб қўйилган. Унга кўра, аҳолини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барча аҳолига тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва эълон қилишнинг ягона жараёнини ўз ичига олиб, аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи ҳисобланади ва у келгуси 10 — 30 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади, ҳудудларни ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш бўйича сиёсий ва бошқарув қарорларини қабул қилиш учун зарур маълумотларни олиш имконини беради. У аҳоли сонини ишончли ҳисоблаш, шунингдек, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий ва иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлашнинг универсал усулини ишга солган ҳолда расмий статистика тизимида асосий рол ўйнайди.

Ш. Ҳалимова
Фарғона вилояти статистика бошқармаси етакчи мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin