Нархлар ўртасидаги фарқ истеъмолчига қайтарилди

Нархлар ўртасидаги фарқ истеъмолчига қайтарилди

Боғдод туман жамиятининг хизмат телефонига Хўжа қишлоғида яшовчи Н.Усмонова буюм бозори ҳудудидаги дўкондан чангютгич сотиб олганлиги, кейинроқ маҳсулотнинг нуқсони борлиги аниқланиб, сотувчига алмаштириб беришини сўраганлиги, бироқ сотувчи алмаштиришдан бош тортаётганлиги юзасидан мурожаат қилди. Мазкур мурожаат бўйича ва унда билдирилган ҳолат юзасидан жамият мутахассиси, дўкон мудири ҳамда аризачи иштирокида ўрганилганида, истеъмолчи бир неча ҳафта илгари шу дўкондан “Samsung” 2000w русумли чангютгични 750 000 сўмга сотиб олганлиги ва уйига олиб бориб ишлатиб кўриши жараёнида маҳсулотда нуқсон борлиги, яъни тозалашни кучайтирувчи муруввати яхши ишламаслиги, чангютгич бир меъёрда тозалаши аниқланди. Истеъмолчи нуқсонли товарни қайтариб келиб, уни бошқа шу русумдаги мақбул сифатли товарга алмаштириб беришини сўраганида, сотувчи ҳозирда дўконда бундай русумли товар қолмаганлигини айтиб, харидорга бошқа маркадаги чангютгични олишни тавсия қилган. Бироқ бу таклиф харидорга маъқул бўлмаган ҳамда товар учун тўланган пулни қайтариб берилишини талаб қилган. Тарафлар келишувга эриша олмаган.

Сотувчига  Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасида белгиланганидек, истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали, (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шартлиги, айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бўлмаган тақдирда, истеъмолчининг алмаштириб бериш хусусидаги талаби даъво қилинган пайтдан эътиборан бир ой ичида қондирилиши кераклиги, ана шу муддатларнинг ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун сотувчи истеъмолчига алмаштирилган товарни бериш билан бир вақтда товар баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлашига сабаб бўлиши тушунтирилди. Сотувчи сотувда “Samsung” 2000w русумли чангютгич йўқлигини айтиб, агар истеъмолчига маъқул келса сотувда мавжуд бўлган “Samsung” 1800w моделли чангютгичга алмаштириб бериши мумкинлиги юзасидан таклиф киритди. Таклиф истеъмолчига маъқул келди.

Қонуннинг 17-моддасига биноан, нуқсонли товар бошқа маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб берилаётганда, агар алмаштирилиши керак бўлган товар нархи унинг ўрнига берилаётган товар нархидан юқори бўлса, истеъмолчига нархлардаги фарқ қайтарилади. Ана шу асосларга кўра, алмаштирилаётган товар нархидаги 110 000  сўм фарқ истеъмолчига қайтарилишига эришилди.

 МАРҒУБА ОЛТИБОЕВА

Бағдод туман ИҲҲҚЖ матбуот ва ахборот

бўйича бош мутахассиси

(юқорида иллюстратив фото)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin