Нуқсонли чиққан идиш-товоқлар тўплами пули истеъмолчига қайтарилди
Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг А.Азизов кўчасида яшовчи Б.Х.нинг савдо дўконидан 3 700 000 сўмга сотиб олинган идишлар тўплами истеъмолга яроқсиз чиққанлиги хусусидаги ёзма мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчига кўра, у рўзғорда ишлатиладиган идиш-товоқлар тўпламини Марғилон шаҳридаги “Ипакчилар буюм бозори” ҳудудидаги савдо дўконидан харид қилиб олган. Хонадонда кўздан кечирилганда тўплам ичидаги идишларнинг айримларида учган жойлари борлигини кўриб, уларни сотувчига қайтариб олиб борганида, ундан рад жавоби олгач, масалани қонуний ҳал қилинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Мазкур мурожаатни ўрганилиши жараёнида, амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчи ўзига сотилган тўпламнинг мустақил таркибий қисми бўлган буюмда нуқсонлар борлигини аниқлаган тақдирда, ўз эътирозини бутун тўпламга нисбатан ҳам, уларнинг нуқсонлари бор мустақил таркибий қисмларига нисбатан ҳам билдириши ва қонуний талабларини қўйиши мумкинлигидан келиб чиқиб, сотувчига бу борада тушунтиришлар берилиши билан товар учун тўланган пул суммасини истеъмолчига қайтарилишига эришилди.
Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.
Post Comment