Телефон аппаратининг нуқсони бепул бартараф этилди
Бугунги кунда туман жамиятимизга келиб тушаётган мурожаатлар ичида умумтаълим мактабларида меҳнат фаолияти олиб бораётган устоз ва мураббийларнинг мурожаатлари салмоғи ортди. Буни эса сўнги вақтларда туман жамияти томонидан таълим муассасаларида кўплаб ўқув семинарлари ва давра суҳбатлари, юзма-юз мулоқотлар ўтказиб борилаётганлиги, ўз навбатида устозларнинг истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатидаги фаолликларини ортиши билан ҳам баҳолаш мумкин.
Яқинда Риштон тумани жамиятига, тумандаги мактаблардан бирида ўқитувчи сифатида фаолият олиб бораётган М.Орипова ариза билан мурожаат қилди. Мурожаатда ёзилишича, у 2019 йил май ойида тумандаги кредит савдо дўконларининг биридан, яхши ниятлар билан, икки дона SAMSUNG GAIAXY J2 телефон аппаратини умумий суммаси 2 279 000 (икки миллион икки юз етмиш тўққиз минг) сўмга келишиб, истеъмол кредити асосида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан харид қилади. Бироқ телефон аппаратининг биттаси ҳеч қанча вақт ўтмасдан ишдан чиқиб, экран қисмида нуқсонлар юзага келади.
Албатта, ўз ҳақ-ҳуқуқларидан хабардор бўлган фуқаро, савдо дўкони телефонга харид чоғида олти ой кафолат муддати берганлигини асос қилиб, қонуний ҳуқуқларини даъво қилган. Бироқ дўкон раҳбари ҳар хил баҳона-ю важларни рўкач қилиб, товардаги нуқсонни бартараф қилиш ва нуқсонли телефонни бепул таъмирлатиш ишларини ташкил қилиш унинг вазифаси эмаслигини, шу сабабли нуқсонни ўз маблағлари ҳисобидан бартараф этиши лозимлигини маълум қилган.
Савдо дўкони раҳбаридан рад жавобини олган ва ўз кучи билан қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқара олмаслигини сезган истеъмолчи амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерациянинг Риштон туман жамиятига мурожаат қилган.
Шу ўринда айтиб ўтишимиз керакки, амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддаси тўртинчи қисмига кўра, истеъмолчи кафолат муддати ичида товарда аниқланган нуқсонларни бепул бартараф қилиш ва бошқа шу каби эътирозлари билан сотувчига мурожаат қилиши, 15-моддасига кўра эса, сотувчи товардаги нуқсонларни йигирма кун муддат ичида бепул бартараф этиши лозимлиги белгилаб қўйилган.
Туман жамияти ходимлари томонидан истеъмолчининг мурожаатини ўрганиш ишларини ўтказиш давомида савдо дўкони масъулларига истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги амалдаги қонунчилик талаблари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Тушунтиришлардан тўғри хулоса чиқарган дўкон раҳбарияти нуқсонли чиққан телефон аппаратини бепул таъмирлатиб беришни ўз зиммасига олди.
Дилшоджон Йигиталиев
Риштон тумани ИҲҲҚ жамияти бош мутахассиси
(юқорида иллюстратив фото)
Post Comment