Марғилонда истеъмолчи асоссиз қарздорликдан суд орқали озод қилинди
Марғилон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан фуқаро А. И.нинг манфаатларини кўзлаб киритилган даъво аризаси суд томонидан қаноатлантирилди. Натижада истеъмолчи асоссиз ҳисобланган қарздорлик ва пенядан озод қилинди.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судида кўрилган иш материалларига кўра, Марғилон шаҳри Чилонзор маҳалласидаги хонадонга нисбатан Фарғона вилояти иссиқлик манбаи МЧЖ томонидан 3 миллион 244 минг 757 сўм 75 тийин асосий қарз ҳамда 507 минг 695 сўм 44 тийин пеня ҳисобланган.
Бироқ фуқаро А. И. мазкур қарздорлик асоссиз эканини билдириб, хонадонида 2023 йилдан буён радиаторлар ўрнатилмагани, уй орқали фақат тик қувур ўтгани ва иссиқлик таъминоти бўйича амалда хизматдан фойдаланилмаганини маълум қилди. Шу асосда у ҳисобланган қарздорликдан озод қилишни сўраб мурожаат қилган.
Суд жараёнида жавобгар томони вакили хонадонга нисбатан қарздорлик ҳисобланганини тасдиқлаган бўлса-да, иш ҳужжатларига илова қилинган далолатномада мазкур хонадонда радиаторлар мавжуд эмаслиги ва фақат тик қувурлар ўтгани қайд этилган.
Суд ишни кўриб чиқиш давомида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг энергия таъминотига оид моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини таҳлил қилди. Унда энергия таъминоти шартномаси белгиланган тартибда уланган энергия қурилмалари ва истеъмол ускуналари мавжуд бўлган ҳолатдагина тузилиши мумкинлиги, хизмат амалда кўрсатилмаган тақдирда эса ҳақ ундириш асоссиз ҳисобланиши таъкидланди.
Шунингдек, суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 254-моддасига асосан, даъвогар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилиш мақсадида даъво талабидан кенгроқ доирада қарор қабул қилди. Натижада фуқаро А. И. 3 миллион 244 минг 757 сўм 75 тийин асосий қарз ва 507 минг 695 сўм 44 тийин пенядан, жами 3 миллион 752 минг 453 сўм 19 тийин қарздорликдан озод этилди. Суд қарорига кўра, жавобгар корхонадан давлат фойдасига 412 минг сўм давлат божи ҳам ундирилади.
Мазкур ҳолат коммунал хизматлар соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, асоссиз қарздорликларни бартараф этиш ва қонун устуворлигини таъминлашда суд ҳамда жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор кўрсатди.



Post Comment