Жамоатчилик назорати ва ҳуқуқий тарғибот – сифатли тиббий хизмат кафолати

Жамоатчилик назорати ва ҳуқуқий тарғибот – сифатли тиббий хизмат кафолати

Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг тегишли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимига қарашли давлат тиббиёт муассасаларида жамоатчилик назорати тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.

Мазкур ўрганишлардан асосий мақсад аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати, беморлар учун яратилган шарт-шароитлар, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, муассасаларда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати ҳамда истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг таъминланиш даражасини баҳолашдан иборат.

Жамоатчилик назорати тадбирлари давомида нафақат муассасалар фаолияти ўрганилмоқда, балки тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотлар ҳам ташкил этилиб, уларга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликнинг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил тушунтиришлар берилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунида белгиланган ҳуқуқ ва кафолатлар, тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва қонуний ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, учрашувлар давомида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий маслаҳат бериш, низоларни судгача ҳал этишга кўмаклашиш ҳамда истеъмолчилик маданиятини юксалтириш борасида амалга ошираётган ишлар ҳақида атрофлича маълумотлар тақдим этилмоқда.

Тиббиёт ходимларига истеъмол соҳасига оид муаммоларга дуч келинганда ёки фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда Федерация тизимига мурожаат қилиш тартиби, мурожаатларни қабул қилиш механизмлари ва ҳуқуқий ёрдам олиш имкониятлари бўйича ҳам амалий тавсиялар берилмоқда.

Бу каби тарғибот ва тушунтириш тадбирлари тиббиёт муассасалари ходимларининг ҳуқуқий билимини ошириш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш, очиқлик ва масъулият тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, жамоатчилик назорати жараёнида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида мавжуд камчиликларни бартараф этиш, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin