“Истиқлол” маҳалласида истеъмолчилар ҳуқуқлари бўйича семинар ўтказилди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ҳамда бирлашманинг Тошлоқ туман жамияти ҳамкорлигида тумандаги «Истиқлол» маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли вакиллари иштирокида семинар ташкил этилди.
Тадбирда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий билими ва молиявий саводхонлигини ошириш, кундалик ҳаётда учраётган муаммоли ҳолатларга тўғри ёндашиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, шартнома тузишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ҳамда харид ва хизматлардан фойдаланиш жараёнида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Семинар Қўмитанинг тегишли буйруғида белгиланган вазифалар асосида, аҳоли, айниқса, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қийин вазиятга тушган фуқаролар ва уй бекаларининг ҳуқуқий хабардорлиги ҳамда молиявий саводхонлигини юксалтириш мақсадида маҳаллаларда ўтказилаётган тарғибот-тадбирларнинг навбатдагиси бўлди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоблар олиб, истеъмолчилик муносабатларида ҳуқуқ ва мажбуриятларни билишнинг аҳамияти юзасидан фикр алмашдилар.
Зеро, ўз ҳуқуқини билган ва молиявий масалаларда тўғри қарор қабул қиладиган истеъмолчи ўз манфаатларини ишончлироқ ҳимоя қила олади.



Post Comment