Шубҳали дори воситаларини истеъмол қилишдан эҳтиёт бўлайлик
Бирор дарддан азоб чекаётган одам тезроқ шу дарддан халос бўлгиси келганидан уни дарддан халос қилиши мумкин бўлган бирор дори-дармон воситаси ҳақида эшитганида, тезроқ уни харид қилиб, шифо топгиси келади. Лекин ҳар қандай дори воситасини истеъмол қилишдан олдин шифокордан маслаҳат олиш кераклиги эса, кўпинча дори воситаси истеъмол қилиниб ножўя таъсири сезилгандагина одамнинг эсига тушади. Натижада бундай ҳолатга рўбарў келган фуқаролар “мени алдашди, чора кўринглар” қабилида турли идораларга ҳам шикоятлар билан мурожаат қиладилар.
Марғилон шаҳрида яшовчи М. исмли фуқаро реклама тарқатувчи газеталарнинг бирида реклама ҳуқуқи асосида тарқатилган “Оламшумул янгилик” сарлавҳаси остидаги эълонда кўзга суртадиган малҳам ҳақида ўқиб қолади. Газетада берилган телефон рақамига қўнғироқ қилиб, реклама берувчи ташкилотнинг Марғилон шаҳрида ўтказиладиган қабул кунига рўйхатдан ҳам ўтади.
Фуқаронинг бизга маълум қилишича, у билан суҳбат ўтказган фирма вакили, уни ҳеч қандай тиббий кўрикдан ёки мутахассис текширувидан ўтказмасдан, “Сизга ушбу дори жуда катта фойда келтиради”, – деб кўзнинг ташқи қисмига суртиладиган томчидан олти донасини, ҳар бирини 80 000 сўмдан, жами 480 000 (тўрт юз саксон минг) сўмга унга беради. Лекин уйга келгач малҳамдан биринчи кун фойдаланиш жараёнидаёқ унга дори ножўя таъсир кўрсатиб, ўзида кўзнинг кучли хиралашиши ва кўриш қобилиятининг пасайиши белгиларини сезгач, нима қиларини билмасдан, Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига малҳамни сотувчига қайтариш ва пулларини қайтариб олишда ёрдам кўрсатилишини сўраб келган.
Мурожаат қабул қилиб олингач, шаҳар жамияти мутахассислари малҳамни реализация қилган ташкилот масъуллари билан боғланиб, уларга амалдаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари юзасидан, хусусан малҳам истеъмолчига нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот бериш ортидан сотилганлиги, қонунчилик эса истеъмолчига бундай ҳолатда сотилган товарни қайтиб бериб, пулини қайтариб олиш имконини бериши, қолаверса нотўғри қўлланилган тиббий восита сабабидан инсонга жисмоний, руҳий, маънавий ва бошқа зарарлар етказилиши тегишли қонунчилик асосида бошқа ҳуқуқий жавобгарлик чораларига ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди. Натижада истеъмолчига 480 000 сўм пул маблағини қайтариб берилишига эришилди.
Имкониятдан фойдаланиб, юртдошларимизга ҳар қандай дори-дармон воситасини ёки сотувчи томонидан унинг “дорилиги” даъво қилинаётган воситаларни сотиб олишдан, ўзингизга ва яқинларингизга қўллашдан олдин шифокор маслаҳатини олишдан эринмайлик. Бу нафақат бизнинг соғлигимизга фойдали, балки эртага бунинг ортидан моддий ва маънавий зарар кўриб қолишдан ҳам муайян маънода ҳимояда бўлишимизга сабаб бўлади.
Саидхон Хапизов
Марғилон шаҳар жамияти мутахассиси
(иллюстратив фото)
Post Comment