Истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартиби
Аннотация: Ушбу мақола истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига бағишланиб, унда амалдаги қонунчилик нормаларига асосланган ҳолда ҳуқуқларнинг таъминланиши ва қонунчилик бузилиши ҳолатларида қандай йўл тутилиши ҳақида сўз боради.
Таянч сўзлар: Истеъмолчи, товар, ишлаб чиқарувчи, харид, касса чеки, маънавий зарар, истеъмолчилар бирлашмалари.
Ҳар бир давлат ўзининг ҳудудида фуқароларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини қонун йўли билан тартибга солиш жараёнида жамиятда ижтимоий адолат муҳитини шакллантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Мамлакатимизнинг Конституциясида белгилаб қўйилганидек, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаган ҳолатда амалга ошириб бормоқда. Давлат тараққий этиб боргани сари унда яшовчи фуқароларининг ҳам эҳтиёжлари ортиб боради, бу эса товар ишлаб чиқариш жараёнини янада кенгайиши учун асос бўлади. Албатта товар ишлаб чиқариш жараёнида сифат талабларига жавоб берадиган маҳсулотларни истеъмол қилиш ҳар биримизнинг ҳаётимиз учун зарурдир. Истеъмолчи, албатта, ўзининг моддий ва маънавий жиҳатдан истеъмол қилаётган нарсаларига эътибор қаратмоғи зарурдир. Истеъмолчи сўзининг ҳуқуқий асосига тўхталиб ўтадиган бўлсак.
Истеъмолчи — фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс ) ҳисобланади. Истеъмолчи, албатта, ўз эҳтиёжига қараб сотиб олган маҳсулотига касса чекини олмоғи зарурдир. Касса чекида товарнинг сотиб олинганлиги ёки иш(хизмат)нинг ҳақи тўланганлигини тасдиқлайдиган, товар (иш, хизмат)нинг баҳоси, ҳақ тўланган сана ва касса аппаратининг номери кўрсатилган бўлади. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига асосан истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга: товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш; товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши; товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлиши; ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши; бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш; истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш. Истеъмолчиларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлар тоифасига киритилган айрим гуруҳлари учун қонунчилик билан савдо, маиший хизмат ва хизмат кўрсатишнинг бошқа турлари бўйича имтиёзлар ва афзалликлар белгиланиши мумкинлиги қонун билан белгилаб қўйилган. Истеъмолчи товардан фойдаланиши давомида унда нуқсонлар аниқланганда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт эканлиги белгилаб қўйилган. Қонунчиликда истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозимлиги, маънавий зарар эса уни етказган шахс томонидан тўланиши, зарар учун тўланадиган ҳақ миқдорини суд белгилаши кўрсатиб ўтилган.
Албатта фуқаролар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун истеъмолчилар бирлашмаларини тузишлари мумкин. Истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари ўз фаолиятида қуйидаги ҳуқуқларга эга ҳисобланади: ваколатли давлат органларига истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш; истеъмолчиларга ахборотга оид ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ижтимоий аҳамиятга молик масалалар юзасидан жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш, уларнинг натижаларига кўра тайёрланган таклифлар ва тавсияларни ваколатли давлат органларига тақдим этиш ҳамда эълон қилиш; аҳолининг истеъмолчиликка оид саводхонлигини ошириш бўйича маърифий ишларни амалга ошириш; истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга оширишда ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилиш ҳамда уларга кўмаклашиш. Истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин. Хулоса қилиб айтганда ҳар бир даврада истеъмол саватчасидаги товарлар сони ортиб борган сари унга муқобил равишда қонунчиликда муҳим ўзгаришларни амалга оширишни замонни ўзи тақозо этиб тураверади.
Фойдаланилган адабиётлар.
1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. Тошкент “Адолат” 2019
2. Ўзбекистон Республикаси Юридик энциклопедияси. Тошкент “Адолат” 2010
3. Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 221-I-26.04.1996-йил қонуни.
Мадинахон Миродилова
ФарДУ Филология факультети 20-97 В гуруҳ талабаси
Post Comment