Сотувчи товарга кафолат муддати белгиланмаган деб қутилмоқчи бўлди, лекин қонун бунга йўл қўймади

Сотувчи товарга кафолат муддати белгиланмаган деб қутилмоқчи бўлди, лекин қонун бунга йўл қўймади

Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг “Сойбўйи” кўчасида яшовчи фукаро Т. С.нинг харид қилинган чой қайнатгичлар сифатсиз чиққач, сотувчига нуқсонли товарни алмаштириш ёки пулини қайтариш бўйича қўйилган талабларини бажарилмаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.

Мурожаатда маълум килинишича, фуқаро ўзи яшаб турган ҳудуддаги савдо дўконидан ошхона фаолиятида фойдаланиш учун 4 дона Tefal русумли сув кайнатгичларни июл ойининг 20-санасида сотиб олган. Лекин сув қайнатгичлар бирин-кетин ишдан чиқа бошлаган. Мурожаатчи мазкур масалада сотувчига эътирозларини билдирганида, у олди-сотди жараёнида сув қайнатгичларга кафолат муддати белгиланмаганлигини айтганлигини важ қилиб кўрсатиб, товарни алмаштириб беришдан бош тортганлигини ҳам қўшимча қилади.

Гарчи олди-сотди жараёнида сотувчи томонидан харид қилинаётган узоқ муддат фойдаланиладиган товарга кафолат муддати белгиланмаганлиги айтилиб, истеъмолчи бу ҳақда огоҳлантирилган бўлсада, амалдаги қонун мазкур муддатни 6 ой қилиб белгилайди. Яъни қонуннинг 13-моддасига кўра, агар нуқсонлар кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича олти ой мобайнида аниқланса, истеъмолчи ўзининг қонундаги ҳуқуқларини тўлақонли рўёбга чиқара олади.

Мурожаатни ўрганиш доирасида сотувчи билан учрашилиб, юзага келган ҳолатда амалдаги қонунчилик талаблари, мазкур талабларни бажармаслик оқибатида келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар тушунтирилганидан сўнг, у истеъмолчининг 280 000 сўм пулини қайтариб берди.

Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.

Post Comment