Истеъмолчининг саккиз миллион сўмдан ортиқроқ пули қайтариб олиб берилди
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг “Ёруғлик” кўчасида истиқомат қилувчи Қ.Б.нинг харид қилинган печ билан боғлиқ муаммолар юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.
Маълум бўлишича, фуқаро жорий йилнинг июн-июл ойларида шаҳардаги “Хитой” савдо уйидан бир дона электр печни 6 000 000 сўмга харид қилади. Лекин истеъмолчи хонадонида электр токи кучланиши пастлиги сабаб ушбу печдан тўлақонли фойдалана олмагач, дўконга қайтариб олиб келади. Сотувчи қўшимча 2 220 000 сўм тўлов қилиб, электр печ ўрнига газда ишлайдиганини харид қилишни тавсия қилади. Сотувчининг ушбу таклифига рози бўлган истеъмолчи печни олиб кетиб, М. исмли уста ёрдамида печни ўрнатади.
Лекин печ нафақат табиий газда, балки унга синов тариқасида улаб кўрилган суюлтирилган углеводород (пропан) газида ҳам яхши ишламаган. Печни обдон кўздан кечирган уста у олдин истеъмолда бўлганлигини тахмин қилиб, истеъмолчига ручка қисмидаги нуқсонни ҳам кўрсатади. Шундан сўнг печ яна сотувчига қайтариб олиб келинади ва тўланган пул суммасини қайтариш талаби қўйилади. Печ ўша куни олиб қолинган бўлсада, истеъмолчининг пулини қайтариш ишлари пайсалга солинавергач, истеъмолчи шаҳар жамиятига бу борада мурожаат қилиб, амалий ёрдам сўрайди.
Мурожаатни ўрганиш ишлари давомида жамият мутахассислари савдо уйи масъуллари билан учрашиб, амалдаги қонун талабларини ўзида акс эттирган даъво талабномасини топширганларидан сўнг, мурожаатчининг муаммосига тезкорликда ижобий ечим топилишига эришилди ҳамда ўрганиш якунлари билан истеъмолчига 8 220 000 сўм пули қайтарилди.
Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment