Кафолат муддати белгиланмаган товар хусусидаги яна бир мурожаат кўриб чиқилди

Кафолат муддати белгиланмаган товар хусусидаги яна бир мурожаат кўриб чиқилди

Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Р. Хамраев кўчасида яшовчи фуқаро К.М.нинг харид қилинган дазмолдаги нуқсонлар бўйича қонуний эътирозлар сотувчи томонидан инобатга олинмаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.

Мурожаатчига кўра, у шаҳардаги «Вариант» савдо марказидан 310 000 сўмга дазмол харид килган. Лекин маиший буюмдан фойдаланиш жараёнида бир ҳафтага бормасдан дазмолда нуқсонлар кузатилиб, у ўз функцияларини талаб даражасида бажармаган. Истеъмолчи бу ҳақдаги эътирозлари билан сотувчига мурожаат қилади ва нуқсонли товарни мақбул сифатдагисига алмаштириш ёки пулини қайтариш талабини қўяди. Сотувчи эса ушбу товарга кафолат муддати белгиланмаганлигини, шундан келиб чиқиб унинг талабларини ҳам қондира олмаслигини айтади. Шундан сўнг истеъмолчи ушбу масалада шаҳар жамиятига мурожаат қилади.

Албатта, бундай ҳолатларда, яъни узоқ муддат фойдаланиладиган товарга кафолат муддати белгиланмаган ҳолларда ҳам қонун истеъмолчининг ҳуқуқларини чекламаслиги, агар товарда нуқсонлар аниқланса истеъмолчи 6 ой муддат ичида ўз қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқара олиши ҳақида илгариги чиқишларимизда ҳам баён қилиб ўтгандик. Шундан келиб чиққан ҳолда, шаҳар жамияти ходимлари сотувчи билан қонун талаблари бўйича тушунтириш ишларини олиб бордилар. Ўрганиш якунлари билан эса, шартнома бекор қилиниб, истеъмолчининг 310 000 сўм пули қайтарилишига эришилди.

Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.

(иллюстратив фото)

Post Comment