Фарғонада грант лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ёзиш кўникмаларини ривожлантириш йўналишида тренинг бўлиб ўтди
Фарғона шаҳрида Америка Қўшма Штатларининг Аппалачи давлат университети ташаббуси билан ишлаб чиқилган ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонликлар учун грант таклифларини ишлаб чиқиш ва ёзиш” лойиҳаси асосида 5 кунлик тренинг бўлиб ўтди. Тренингда вилоятдаги таълим муассасалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.
Тренинг давомида иштирокчиларга грант лойиҳаси учун тадқиқот ўтказиш, потенциал маблағ берувчилар билан мулоқотни ташкиллаш, ҳамкор ташкилотлар билан ишлаш, лойиҳа ғоясини шакллантириш, лойиҳа мақсади, смарт вазифалар ва амалга ошириладиган фаолиятларни тўғри белгилаш, лойиҳани баҳолаш ва унинг барқарорлигини таъминлаш, лойиҳа бюджетини ишлаб чиқиш каби мавзуларда машғулотлар ўтказилди.
Фарғонадаги тренинг машғулотлари иштирокчиларнинг грант лойиҳаси таклифини ишлаб чиқиш бўйича ўзлари томонидан амалга ошириладиган ҳаракат режаларини ишлаб чиқиш билан ниҳоясига етиб, тадбир якунида қатнашчиларга машғулотларни муваффақиятли якунлаганликлари тўғрисидаги сертификатлар топширилди.
Аппалачи давлат университети профессори, лойиҳа директори ва бош тренери Жесси Лутабингва (Jesse Lutabingwa) томонидан ўтказилаётган мазкур тренинглар мамлакатимизнинг 3 та шаҳри: Тошкент, Фарғона ва Бухоро шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар унинг Тошкент ва Фарғона шаҳарларидаги машғулотлари бўлиб ўтди. Машғулотлар келгуси ҳафтада Бухоро шаҳрида давом эттирилади.
Post Comment