Шартномалар истеъмолчига нотўғри маълумот берилиши натижасида тузилганлиги сабабли бекор қилинди
Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шу туманда истиқомат қилувчи Қ.А.нинг сотувчи вакиллари томонидан маҳсулот ҳақида нотўғри маълумот берилиши олди-сотди амалиётини амалга оширилишига ва товарни мобил илова воситасида бўлиб тўлаш шартларида харид қилиш бўйича шартнома тузилишига олиб келганлиги ҳамда мазкур шартномани қонунчилик талаблари асосида бекор қилинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, у меҳнат фаолияти олиб бораётган ташкилотга ташриф буюрган ва ўзларини савдо-воситачилик фирмаси вакиллари деб таништирган шахслар уларга айрим турдаги товарларни тарғиботини олиб бориш жараёнида, қандайдир лоторея шаклида танлов ўтказиб, унинг қўлига гўшт қиймалагич ва идишлар тўпламини топшириб, пулини муддатли тўлов шартларида тўланиши учун “Uzum nasiya” мобил иловасига унинг номига расмийлаштирганлар. Истеъмолчи онлайн иловага маълумотларни киритиш воситасида унинг номига, 2 та шартнома бўйича, жами 6 048 000 сўмлик моддий мажбурият юклатилганлигини ва товарлар қийматини бир йил давомида бўлиб тўлаб бориши лозимлигини тўлиқ тушуниб етмаган ва ушбу воқеалардан муайян вақт ўтиб ҳуқуқий ёрдам сўраб туман жамиятига мурожаат қилган.
Туман жамияти мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда, онлайн савдо платформаси раҳбарияти номига шартномани бекор қилиниши масаласида тегишли талабнома киритди. Ушбу ташкилот томонидан талабнома ўрганиб чиқилгач, истеъмолчи Қ.А.нинг номига расмийлаштирилган №3846030 ва №3846424-сонли шартномалар бекор қилинганлиги тўғрисида жавоб хати олинди.
Сардор Мирзажонов,
туман жамияти раиси.
Post Comment