Асоссиз қарздорлик истеъмолчи зиммасидан соқит қилинди
Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Дилкушо” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи А.Д.нинг ичимлик сув таъминоти корхонаси томонидан асоссиз равишда 300 000 сўм миқдорида қарздорлик ҳисобланаётганлиги ҳолати юзасидан Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Туман жамияти истеъмолчининг мурожаатида келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, бу борада “Фарғона сув таъминоти” АЖнинг туман филиалига сўров хати киритди. Корхонадан 01-02/830-сонли жавоб хатида Billing базаси орқали истеъмолчи А.Д.нинг шахсий ҳисоб рақами ўрганиб чиқилганда барча тўловлар ўз вақтида тўлаб борилганлиги маълум бўлганлиги, аҳоли инспектори томонидан нотўғри ҳисоб-китоб қилиниши натижасида 300 000 сўм қарздорлик келиб чиққанлиги ва ўрганиш якунлари билан мазкур асоссиз қарздорлик бартараф қилинганлиги ҳамда бугунги кун ҳолатига унинг ичимлик суви учун тўловлардан қарздорлиги йўқлиги маълум қилинди.
Ўрганиш доирасида томонларга амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик тарғиботи олиб борилиб, ўрганиш якунлари бўйича истеъмолчига расмий жавоб хати юборилди.
Аброр Исақов,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment