Тўлов шахсий ҳисоб рақамига тушмаган

Тўлов шахсий ҳисоб рақамига тушмаган

Кимларнингдир хатоси туфайли нега истеъмолчи турли идораларда овораю сарсон бўлиши керак? Ахир барча идоралар ўзларига юклатилган вазифаларни тўлақонли адо этишлари, юқоридаги каби ҳолатларни олдини олишлари керак эмасми?
Тинчлик МФЙ Устозлар кўчасида яшовчи фуқаро Х.Усмонова хонадонида фойдаланган табиий газ учун тўловларни 2019 йилнинг феврал ойида 100 000 сўм (юз минг) сўм ва март ойида 106 000 (бир юз олти минг) сўм миқдорида Олтиариқ туман Почта алоқа боғланмаси орқали амалга оширган. Табиийки, бунга ваколати бўлган идора томонидан истеъмолчи қўлига тўловни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилингач, у кўнгилни тўқ қилиб табиий газдан эҳтиёжлари учун фойдаланиб келган. Лекин маълум бир вақт ўтиб фуқаро хонадонига назорат тартибида келган МИБ ходимлари табиий газ тўловларидан 200 000 (икки юз минг) сўм қарздорлиги тўғрисида огоҳлантириш хати бериб кетганларидан сўнг, у ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида газ идораси ва МИБ ташкилотларига қатнаган, охирги икки ой давомида табиий газ учун амалга оширган тўловлари шахсий ҳисоб рақамига тушмаганлигини билгач, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олтиариқ тумани Халқ қабулхонасига ёзма ариза билан мурожаат қилган.
Туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ушбу мурожаатни ўрганиш давомида пул маблағлари фуқаронинг шахсий ҳисоб рақамига келиб тушмаганлиги, маблағ бошқа бир фуқарони ҳисобига ўтказиб юборилганлиги маълум бўлди.
Аниқланган ҳолат юзасидан туман почта алоқа тармоғига алоқа хати юборилиб, истеъмолчи тўлаган пул маблағларини ўз ҳисоб рақамига ўтказиб берилишини таъминлашлик сўралди. Почта алоқа тармоғидан эса истеъмолчининг қонуний ҳуқуқи тикланганлиги тўғрисида жавоб хати олинди.
Истеъмолчи МИБ идорасига келиб ўз ҳисоб варақасини кўриб, илгари амалга оширган 206 000 (икки юз олти минг) сўм пул маблағи шахсий ҳисоб рақамига келиб тушганлигини кўргач, туман жамиятига келиб ўз миннатдорчилигини билдирди.

Одилжон Холматов
Олтиариқ туман жамияти
мутахассиси

(юқорида иллюстратив расм)

Отправить комментарий