Нотўғри маълумот натижасида сотиб олинган товарни сотувчига қайтариш мумкин

Бешариқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан Зарқайнар қишлоғида яшовчи Т.Матмусаевнинг харид қилинган кондиционерда нуқсон мавжудлиги ва ундан кўзланган мақсадда фойдалана олмаётганлигидан норози бўлиб Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчига кўра, у тумандаги «Marhabo» савдо комплексидан «Avalon» русумли кондиционерни 6 млн 50 минг сўмга харид қилган. Кондиционер хонадонга келтирилиб фойдаланиш жараёнида, хонага иссиқ ҳаво ҳайдаш функцияси яхши ишламасдан, совуқ ҳаво ҳайдайвергач, у сотувчига ва сервис марказига мурожаат қилиб бу ҳақда ўз эътирозларини билдирган. Ўз мурожаатларидан натижа бўлавермагач Федерациянинг ишонч телефонига мурожаат қилган.

Амалдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига кўра, истеъмолчига нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот натижасида зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли. Туман жамияти ходимлари сотувчи билан музокаралар давомида юқоридаги ҳолатлар юзасидан тушунтиришлар берганларидан сўнг, истеъмолчига сотилган товар сотувчига қайтарилиб, товар учун тўланган пул тўлиғича истеъмолчига қайтарилишига эришилди.

Ҳамиджон Ахмедов
Бешариқ туман жамияти раиси