Йирик корхонадаги бошланғич ташкилот ҳам йирик бўлиши керак
«Kvarts» акциядорлик жамияти 1975 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, листланган ойна, шиша банка, бутилка, автомобиль саноати учун ойна ва ўтга чидамли материаллар ишлаб чиқарувчи Ўзбекистондаги йирик ва етакчи корхона ҳисобланади. Жамиятнинг kvarts.uz сайти маълумотларига кўра, корхонанинг бозордаги улуши шиша банкалар бўйича 95 % ни, қурилиш ойнаси бўйича 60 % ни, шиша бутилка бўйича 50 % ни ташкил қилмоқда.
2017 йил февралда Парижда сифат бўйича ўтказилган BID Халқаро Конвенция давомида «Kvarts» АЖга Етакчилик, Сифат ва Инновация йўналишида халқаро эътироф мукофоти International Star for Leadership in Quality (ISLQ) «Олтин» тоифасида топширилганлиги ҳам корхонада бугунги кун истеъмолчилари талабларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича тинимсиз изланишлар олиб борилаётганлигини кўрсатувчи кўрсаткичлардан биридир, дейиш мумкин.
Бу ерда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Таянч гуруҳи (бошланғич ташкилоти) фаолияти йўлга қўйилган. Бугунги кунда корхона ишчи хизматчиларининг истеъмолчилик ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг истеъмолчилик ҳуқуқий билимлари ва истеъмол маданиятини янада ошириш мақсадида Қувасой шаҳар жамияти ижро этувчи аппарати томонидан ана шу Таянч гуруҳи фаолиятини янада кенгайтириш йўналишида ишлар олиб борилмоқда. Жамият ходимлари корхона маъмурияти билан келишилган ҳолда, ишлаб чиқариш цехларида тарғибот тадбирларини ўтказмоқдалар. Натижада бошланғич ташкилот аъзолари сафи кенгайиб, мамлакатимиз истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатининг ҳайриҳоҳлари сони кундан-кунга ортиб бормоқда.
Шаҳноза Валиева
Қувасой шаҳар ИҲҲҚ жамияти раиси
Post Comment