Кафель сифатсиз чиқди

Қувасой шаҳрида яшовчи Р. Турсунов Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига мурожаат қилиб, Фарғона шаҳридаги “Хуршидбек мадад инвест” хусусий корхонаси (мурожаатни ўрганиш давомида маълум бўлишича, аслида якка фаолият кўрсатувчи тадбиркор Ж.Мирзахамдамов)дан импорт кафель маҳсулотини 12800000 (ўн икки миллион саккиз юз минг) сўмга сотиб олганлигини, лекин кафель сифатсиз чиққанлиги сабабли тадбиркорга нуқсонли товарни қайтариб, пулини қайтариб олиб берилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.

Мазкур мурожаат тегишлилиги бўйича Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, истеъмолчи томонидан ҳар бир метр квадрати 80000 (саксон минг) сўмдан сотиб олинган 160 метр квадрат кафель хонадонга олиб бориб кўрилганда уларнинг ўлчамлари бир хилдамаслиги, сифати ҳам сотувчи айтган даражада эмаслиги маълум бўлган. Шундан сўнг истеъмолчи бу борада сотувчига мурожаат қилган, лекин у унинг қонуний талабини бажармаган.

Мурожаатни ўрганиш давомида нуқсонли товар истеъмолчи иштирокида тўлиғича сотувчига қайтарилди. Сотувчи товарни қабул қилиб олиш баробарида истеъмолчига 5000000 (беш миллион) сўм пул ҳам қайтариб, қолган суммани тез кунларда қайтариши тўғрисида кафолат хати ҳам ёзиб берди. Шундан сўнг орада ўтган бир ой ичида истеъмолчига қолган 7800000 (етти миллион саккиз юз минг) сўм пули ҳам қайтариб берилишига эришилди.

Менинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига Фарғона шаҳрида фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор Ж.Мирзарахимовдан сотиб олган кафель маҳсулотининг сифатсиз чиққанлиги тўғрисидаги мурожаатим Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси мутахассиси томонидан ўганиб чиқилди. Ўрганиш натижасига кўра, кафель учун тўлаган пулимни тўлиқ қайтариб олиб берилди,дейди Р. Турсунов ўрганиш натижаларига кўра ҳудудий бирлашмага тақдим қилган Миннатдорчилик хатида.Шу сабабли Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимида ишловчи раҳбарларга ҳамда уларни қўл остида ишловчи ходимларга ўзим ва оила аъзоларим номидан миннатдорчилигимизни билдираман ва олиб бораётган ишларига омад тилайман.

Фахриддин Бойназаров
ЎИҲҲҚЖФ Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси сектор бошлиғи