Ўтказилаётган тадбирлар доирасида келиб тушаётган мурожаатлар ҳам ҳал қилиб борилмоқда

Учкўприк тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, уларни тизимли ҳал қилиш, соҳага оид қонунлар ва қонуности меъёрий ҳужжатлари мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказиш мақсадида тумандаги ташкилот, корхона ва муассасаларда учрашувлар, давра суҳбатлари, ўқув семинарлар ўтказиб келмоқдалар. Шуцнинг баробарида, мазкур тадбирлар доирасида фуқаролар томонидан оғзаки ва ёзма шаклда берилган мурожаатларга ҳам ўз вақтида ечим топиб борилмоқда.

Шундай мурожаатлардан бири Мирзахўжа қишлоғилик фуқаро Р. Тагиров томонидан берилган бўлиб, унда у маҳалласидаги ичимлик суви таъминотидаги етишмовчиликлар бўйича ўз шикоятини билдирганди.

Мурожаат “Фарғона сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти туман бўлими мутахассислари иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилди.

Ўрганув давомида тумандаги Гул қишлоғида жойлашган ичимлик суви иншоотидан Мирзахўжа қишлоғидаги маҳаллаларга ичимлик суви етказиб берилиши, мавжуд ичимлик суви қудуғига янги ЭЦВ-8-40-90 маркали ичимлик суви нассоси ўрнатилганлиги, Мирзахўжа қишлоғи аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 120 метрли ВПП кабели ҳамда ичимлик суви минораси ишга туширилиб, 35 метрли сув кўтариш трубаси сув қудуғига ўрнатилганлиги, ушбу қудуқдан барча хонадонларга тоза ичимлик суви тармоғи киритилганлиги ва тизим бир маромда ишлаб турганлиги кузатилди.

Фуқаронинг мурожаатида кўрсатиб ўтилган ҳолат кўча колонкалари масаласичи? Маълум бўлишича, кўчага ўрнатилган ичимлик суви нуқталаридан аҳоли фойдаланмаганлиги ва ушбу сувга беркитиш жўмраклари ўрнатилмаганлиги сабабли, исрофгарчиликнинг олдини олиш, шунинг билан биргаликда аҳоли хонадонларидаги сувнинг босимини кучайтириш мақсадида сув таъминоти ташкилоти чилангарлари томонидан беркитилган. Бунга ҳолатга тўғри баҳо берган маҳалла аҳли томонидан ҳам эътирозлар бўлмаган.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида маҳалла фуқароларига амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари ҳам ўтказилди.

Наргизахон ШЕРАЛИЕВА
Учкўприк тумани ИҲҲҚ жамияти мутахассиси