Матбуот анжумани ва Пресс-тур ташкилланди

“Hududgaz Farg`ona” газ таъминоти филиалида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 сентябрдаги “Табиий газ назорати ва ҳисобининг авоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4840-сонли қарори ижроси юзасидан вилоятда амалга оширилаётган ишлар юзасидан Матбуот анжумани ва Пресс-тур ўтказилди.
Дастлаб филиал директори У.Кочкаровнинг ОАВ вакиллари билан мулоқоти бўлиб ўтди.

Таъкидландики:
Вилоятимизда Табиий газ назоратининг автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизими (АСКУГ) кенг жорий қилинмоқда. Режага кўра, вилоятдаги 299079 та хонадонга замонавий электрон газ ҳисоблаш ускуналарини ўрнатилади. Шуларнинг 101731 таси кўп қаватли уйлардаги хонадонларни, 197348 таси эса ҳовли уйларни ташкил қилади.
Замонавий типдаги автоматлаштирилган газ ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш ишлари Қўқон ва Марғилон шаҳарларидан бошланиб, бугунги кунда бу ишлар Фарғона шаҳри, Риштон ва Данғара туманларида ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, шу кунга қадар Фарғона шаҳридаги 84103 та хонадондан 17941 тасига янги газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатиб бўлинган.
Жорий йилнинг шу кунига қадар вилоят бўйича жами 118 485 та табиий газ истеъмолчилари бўлган хонадонлардаги ҳисоблагичлар янгисига алмаштирилган.
Филиал директори томонидан берилган ахборотлардан сўнг ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар олдилар.
Пресс-тур доирасида Олтиариқ газ тўлдириш шаҳобчаси фаолияти билан яқиндан танишилди. Бунда ОАВ вакилларига филиал директори ўринбосари У.Сайфуддинов ҳамроҳлик қилди.

Вилоятимизнинг Олтиариқ, Риштон ва Фарғона туманлари аҳолисига хизмат кўсратувчи мазкур шаҳобчада фаолият Туркиядан келтирилган техника ва технология асосида олиб борилмоқда экан. Шаҳобчанинг бир кунлик иш унумдорлиги 2 500 дона суюлтирилган газ баллонини тўлдиришни ташкил қилади. Юқоридаги 3 та туман аҳолиси қўлида 100 000 донага яқин газ баллонлари мавжудлиги инобатга олинса, барча газ баллонларини бир мартадан суюлтирилган газ билан тўлдириш айланмаси 40 кунни ташкил қилади. Масъулларни бизга маълум қилишича, ҳудуд аҳолисининг газ баллонлари ўртача 45-48 кунда бир марта суюлтирилган углеводород гази билан тўлдириб берилмоқда.

Маълумки, истеъмолчиларда хонадонларимизга етказиб берилаётган газ баллонлари суюлтирилган газ билан шартномада кўрсатилган миқдорларда (20 кг) тўлдирилаяптими, деган савол туғилиши табиий. Шаҳобчада фойдаланишда бўлган газ тўлдириш ускунасининг газ баллони турадиган қисми тарози вазифасини ҳам бажарар экан. Шу сабабли ускуна мониторида бир йўла идиш (тара) вазни ва тўлдирилаётган газ ҳажми (кг) кўриниб туради. Ускуна баллон 20 кг суюлтирилган газ билан тўлгач, автоматик равишда ўчади.

Шаҳобча ходимлари яна бир ускунада бир вақтнинг ўзида бир неча газ баллонини ичидаги қолдиқдан бўшатиш ва шундан сўнг тўлдиришга ўтказиш билан шуғулланади.


Ғайрат Маматқулов тайёрлади