Долзарб мавзу || Ўткир ичак касалликларидан эҳтиёт бўлинг

Маълумки, ёз мавсуми келиши билан одамлар ўртасида турли мева-сабзавотлар, уй шароитида тайёрланган озиқ-овқатлар, сут маҳсулотлари ва бошқалардан заҳарланиш натижасида келиб чиқадиган ичак касалликлари сони ҳам бироз кўпайиши кузатилади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Фарғона вилоят бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 6 ойида биргина ўткир диареядан касалланиш ҳолатлари 1079 тани ташкил қилган. Касалликни юқиш омиллари бўйича таҳлил қилинганда, уларнинг 535 таси мева-сабзавотлар, 321 таси уй шароитида тайёрланган озиқ-овқатлар, 5 таси сут маҳсулотларидан, 112 таси умумий овқатланиш шохобчаларидан ва 106 таси эса бошқа маҳсулотлардан гумон қилинган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ҳудудий бирлашманинг алоҳида буйруғи билан марказий Деҳқон бозорларида ветеринария шохобчалари фаолияти йўлга қўйилганлиги, уларнинг моддий-техник таъминланганлиги, шохобчалар томонидан бозор ҳудудларида сотилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотлари, балиқ маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар ҳамда полиз маҳсулотларини сотишга тегишли рухсатномалар берилиши ҳолатларини жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ишлари ҳам ўтказилмоқда.
Қуйида эътиборингизга Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Фарғона вилоят бошқармаси томонидан аҳоли ўртасида турли юқумли касалликлар, хусусан ўткир ичак касалликларини тарқалишини олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан бошқарма бошлиғи ўринбосари Зафаржон Олимовдан олинган интервьюни ҳавола қиламиз.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати