Кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ тўланмайди
Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ш.А.нинг табиий газ истеъмоли бўйича ҳисобланган 20 147 323 сўм қарздорликдан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилди. Мазкур мурожаат асосида туман газ идорасига киритилган сўров хати ва ўтказилган ўрганишлар натижаси билан газ идораси дастурида мурожаатчи Ш.А.нинг отаси Р.Т.га бириктирилган 120………89 ҳисоб рақамида ҳақиқатан ҳам 20 147 323 сўм қарздорлик мавжудлиги ҳамда ушбу қарздорликнинг келиб чиқиш сабабларига ойдинлик киритилди.
Маълум бўлишича, Р.Т.нинг хонадони 2023-йилда тармоқдан узилиб, фойдаланишда бўлган газ ҳисоблагич тумангаз бўлими ходимлари томонидан олиб кетилган ва кейинчалик бошқа фуқарога фойдаланишга бериб юборилган. Ушбу жараёнда эса ҳисоблагични тегишли тартибда Р.Т.нинг номидан чиқариб юборилиб, фойдаланишга берилган фуқаро М.Х.га расмийлаштириш ишлари ўтказилмаган. Натижада ўтган давр ичида М.Х. томонидан истеъмол қилинган газ сарфи кўрсаткичлари хонадони тармоқдан узиб қўйилган газ ҳисоблагичнинг собиқ эгаси шахсий ҳисоб рақамига тўпланиб бораверган. Р.Т. хонадони вакиллари эса орадан икки йил ўтиб қўлларига газ идорасидан қарздорликни бартараф қилиш тўғрисида огоҳлантириш хати келмагунча бундан бехабар бўлган.
Ўрганиш ишлари давомида юқоридаги ҳисоб рақам газ ҳисоблагичдан фойдаланиб келган фуқаро М.Х.га бириктирилиб, қарздорлик бартараф қилингунга қадар тармоқдан узиб қўйилди ҳамда қарздорлик суммасини фуқаро Р.Т. зиммасидан соқит қилинишига эришилди.
Хусниддин Латипов,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment