Шифер нега ёрилиб кетаяпти?

Шифер нега ёрилиб кетаяпти?

 

Истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эга, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) эса, назорат-ўлчов асбобларини, нархга доир ҳужжатларни тақдим этиши, товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши, зарурат бўлса, товарни экспертизага юбориши шарт.

(“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 8-моддасидан)

 

Бувайда тумани Ўрта Қўнғирот қишлоғида яшовчи А.Эргашев шу йилнинг апрель ойларида хонадонига ўрнатиш туман марказидаги савдо дўконидан ҳар бири 31500 сўмдан бўлган 160 дона шиферни 5040000 (беш миллион қирқ минг) сўмга сотиб олади. Бироқ усталар ёрдамида томга ўрнатилган шифернинг 50 донаси орадан икки кун ҳам ўтмасдан ёққан ёмғирнинг “қурбони” бўлади. Бундан хуноби чиққан истеъмолчи савдо дўкони сотувчисига ўзининг эътирозлари билан мурожаат қилади. Сотувчи ёрилган шиферлар ўрнига дўкондан бошқа янги шиферларни беради.

Истеъмолчи яна йиғиниб-териниб (уста боқиш осонми ахир), орадан уч ой ўтгач шиферларни усталар ёрдами билан томга ўрнатади. Буни қарангки, шиферлар томга ўрнашиб, бир икки кун тоза ҳаводан нафас олиб ҳам улгурмай бошлаган ёмғир энди шиферларнинг 80 донасини “кўксини тилка-пора” қилиб кетади. Яна дўконга келиб эътирозини билдирган истеъмолчига эса сотувчи елка қисишдан нарига ўтолмайди. Шундан сўнг истеъмолчи туман жамиятига ўзининг юқоридаги масаладаги мурожаати билан кириб келади.

Мурожаатни ўрганиш доирасида сотувчи билан учрашганимизда, унинг амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликдан бохабарлигини сездик. Сотувчи сифатсиз чиққан шиферларни далил сифатида келтириб берилишини сўраб, ўзи шартнома шартлари асосида маҳсулотни етказиб берувчи билан ҳисоб-китоб қилиб олишини маълум қилди ҳамда ўтказилган музокаралар натижаси билан истеъмолчига нуқсонли товар ва уни ўрнатишга кетган 6000000 (олти миллион) сўм маблағни қайтариб берди.

Биз мақолани бежизга Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 8-моддасидан иқтибос келтириш билан бошламадик. Қонуннинг ушбу моддаси талабларидан англашилиб турганидек, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи)га олди-сотди жараёнида истеъмолчига товардан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиш вазифаси юклатилмоқда. Бу билан нима демоқчимиз? Агар ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи юқоридаги каби ҳолатларда шиферлар истеъмолчининг айби билан ёрилган, деган важ келтирмоқчи бўлса, ўзи томонидан қонуннинг мазкур талабини ижросини таъминлаб қўйилганми ёки йўқми, шуни ҳам назардан қочирмасин!

Асроржон Йигиталиев

Бувайда тумани ИҲҲҚ жамияти раиси

(юқорида иллюстратив фото)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin