Сотувчи истеъмолчининг қонуний талабларига қулоқ тутиши шарт
Бувайда туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қўшни Бағдод туманида яшовчи М.Отабоева мурожаат қилиб, Буюм бозоридан ўғли учун харид қилган костюм шимнинг пулини қайтариб ололмаётганлигини билдирди ва масала юзасидан амалий ёрдам кўрсатилишини сўради.
Маълум бўлишича, истеъмолчи Бувайда Буюм бозори ҳудудидаги савдо дўконидан ўғли учун 120 000 сўмга костюм шим харид қилади. Уйига олиб келиб ўғлига кийдириб кўрганида костюм шим унга бироз мос келмайди. Шундан сўнг кийимни дўконга қайтариб олиб келиб, сотувчидан мосроғига алмаштиришни ёки пулини қайтаришни сўрайди. Сотувчи истеъмолчига пулни қайтариб беришини, лекин бунинг учун бир неча кун кутиши кераклигини айтади. Шундан сўнг истеъмолчи туман жамиятига ташриф буюради.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 18-моддасига асосан, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли. “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 28-бандига асосан, бундай товар алмаштириш учун қайтариб олиб келинганда ёки пулини қайтариб олиш талаби қўйилаётганда, истеъмолчи томонидан истеъмол қилинмаган бўлиши шарт, яъни унинг товар кўриниши, истеъмол хоссалари, пломбаси, ёрлиқлари сақланган бўлиши керак.
Истеъмолчи М.Отабоеванинг ҳолатида товар истеъмол қилинмаган, ўғлига бир марта кийдириб кўриш билан мос келмаганлиги маълум бўлган ҳамда истеъмолчи товар билан эҳтиёткорона муносабатда бўлган ҳолда дўконга қайтариб олиб келган. Бу ўринда у ҳақ бўлиб, сотувчи истеъмолчининг қонуний талабларига қулоқ тутишга мажбурдир. Юқоридагилардан келиб чиқиб, туман жамияти ходимлари сотувчига тегишли тушунтиришларни берганларидан сўнг, сотувчи истеъмолчининг 120 000 сўм пулини қайтариб берди.
Асроржон Йигиталиев
Бувайда туман ИҲҲҚ жамияти раиси
(юқорида иллюстратив расм)
Post Comment