Янги деб қўйиб берилган эҳтиёт қисм аввал истеъмолда бўлган бўлиб чиқди
Тошлоқ туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Яккатут” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Т.И. нинг чангютгични носоз мотори бошқасига алмаштирилгани билан ундаги нуқсон бартараф бўлмаганлиги юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.
Мурожаатчига кўра, у Марғилон шаҳри “Ипакчи” буюм бозорида фаолият юритаётган техникаларни таъмирлаш устахонасига чангютгичини таъмирлатиш учун олиб келганида, уста чангютгичнинг мотор қисмини алмаштириш кераклигини, хизмат нархи 200 000 сўм бўлишини айтади. Мурожаатчи айтилган маблағни тўлаб, “соз ҳолатга келтирилди” дея ўзига қайтарилган техникани хонадонига олиб бориб ишлатиб кўради. Бироқ мотор қисми алмаштирилгани билан ундаги носозлик тўлиқ бартараф бўлмаганини кўриб, бу ҳақида устага бир неча бор айтган бўлсада, унинг саъй-ҳаракатлари натижа бермагач, алмаштирилган мотор учун тўланган маблағни қайтариб олишида амалий ёрдам сўраб Тошлоқ туман жамиятига мурожаат қилган.
Туман жамияти ушбу ҳолат юзасидан амалдаги қонунчилик талаблари, хусусан юзага келган ҳолатда истеъмолчи ҳуқуқларини ўзида акс эттирган даъво талабномаси шаклидаги хатни хизмат кўрсатувчига киритди. Ўрганиш давомида носоз мотор ўрнига қўйилган эҳтиёт қисмнинг янги эмаслиги, аввал истеъмолда бўлгани қайд қилиниб, унинг учун тўланган 200 000 сўм пул суммаси истеъмолчига қайтарилди.
Ҳуснидахон Якубова,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment