Шартнома бекор қилинмасдан қолиб кетиши истеъмолчи банк картасидан пул маблағлари ечиб олинишига сабаб бўлган

Шартнома бекор қилинмасдан қолиб кетиши истеъмолчи банк картасидан пул маблағлари ечиб олинишига сабаб бўлган

Тошлоқ туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Фарғона шаҳрилик М.Д. нинг шаҳарнинг Қиргули мавзесида жойлашган “Ишонч” кредит савдо дўконидан 3 600 000 сўмга сотиб олинган телефон аппаратида нуқсон аниқлангани сабабли товарни сотувчига қайтарган бўлсада, лекин шартнома бекор қилинмасдан пластик картасидан пул маблағи ечиб келингани тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.

Маълум бўлишича, мурожаат эгаси 2021 йилнинг май ойида Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида жойлашган “Ишонч” кредит савдо дўконидан Samsung А 12 русумли мобил қурилмани, шартнома қийматини бир йил давомида бўлиб тўлаш шартларида харид қилган. Бироқ орадан бир ҳафта ўтиб, мобил қурилма қувватлаш жараёнида ўчиб қолавергач савдо дўконига қайтариб олиб келган. Сотувчи томони телефондаги нуқсон бартараф этилганини айтиб уни яна истеъмолчи қўлига топширган бўлсада, шундан сўнг ўтган бир ой ичида ундаги носозликлар яна қайталанавергач, истеъмолчи телефонни савдо дўконига қайтариб олиб келган ва уни қайтариб олишларини ҳамда шартномани бекор қилишларини талаб қилган. Дўкон масъуллари шартнома бекор қилинишини ваъда қилган ҳолда телефон аппаратини олиб қолган бўлсаларда, орадан ўтган вақт давомида истеъмолчининг пластик картасидан яна пул маблағлари ечилишда давом этаверган.

Туман жамияти томонидан юзага келган ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида сотувчига сўров хати киритилиб, ўрганиш ишлари давом эттирилди. Унинг якунларига ҳамда сотувчи томонидан берилган жавоб хатига кўра, истеъмолчи номига расмийлаштирилган шартномани ўз вақтида бекор қилиш чоралари кўрилмай қолганлиги оқибатида истеъмолчининг банк пластик картасидан жами бўлиб 3 062 635,52 сўм маблағ ечиб олинганлиги маълум бўлди ва ҳужжатлаштириш ишларидаги камчилик бартараф қилиниб, ушбу маблағларни тўлиғича истеъмолчининг банк картасига қайтарилишига эришилди.

Ҳурматли истеъмолчилар!
Муддатли тўловга харид қилинган товарда нуқсон аниқланиши ортидан товарни сотувчига қайтарилиши, бироқ муддатли тўлов шартномаларини бекор қилинмасдан қолиши ҳолатлари кўп учрамоқда. Сизлардан бундай шартномаларни имзолаганда шартномани бекор қилиниши тартибларига ҳам эътибор қаратиб қўйишларингизни сўраб қоламиз. Агар шартномада у томонлардан бири иккинчи томонни муайян муддат олдин ёзма равишда хабардор қилганидан сўнг бекор қилинади, деган мазмундаги банд бўлса, у ҳолда нуқсонли товарни қайтариб топшириш жараёнида сотувчи томонига шартномани бекор қилиниши тўғрисида ёзма равишда огоҳлантириш хати киритиб, ушбу ёзишманинг бир нусхасини ўзингизда сақлаб қўйишингиз мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ҳуснидахон Якубова,
туман жамияти мутахассиси.

(фото сунъий интеллект ёрдамида яратилди)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin