Истеъмолчи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатини судга берди

Истеъмолчи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатини судга берди

Марғилон шаҳридаги умумтаълим мактабларидан бирида ўқитувчи бўлиб ишловчи, Федерация аъзоси Ф.К.нинг ўзининг шахсий мулки бўлган, Фарғона шаҳри Истиқлол кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг тўртинчи қаватидаги хонадонига етказилган зарарни қоплаб берилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаати ўрганилган ҳамда мазкур уйларга хизмат кўрсатувчи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати (ХУЖМШ)га нисбатан қўйилган қонуний талаблар бажарилмагач, шаҳар жамияти томонидан судга даъво аризаси киритилган эди.

Даъво аризаси жорий йилнинг 12 сентябр кунида Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судида кўриб чиқилди ҳамда судга тақдим қилинган асословчи ҳужжатлар инобатга олиниб, ХУЖМШдан истеъмолчи фойдасига ёмғир ёғиши оқибатида уйнинг том қисмидан фуқарога тегишли хонадонга сув ўтиб кетиши натижасида етказилган 8 349 120 сўм моддий зарар ва етказилган зарарни ташқи баҳолатиш учун сарфланган 800 000 сўм харажат, жами 9 149 120 сўм ундирилиши тўғрисида ҳал қилувчи қарори чиқарилди. Шунингдек, ишни судда кўриш билан боғлиқ харажатлар (давлат божи ва почта ҳаражатлари) ҳам жавобгар томонидан ундириладиган бўлди.

Шу ўринда, аҳолимиз вакилларига Федерация аъзоси бўлиш юқоридаги каби муаммоли вазиятларда сизга бепул малакали ҳуқуқий ёрдам берилишини кафолатлашини ҳам эслатиб ўтишни жоиз, деб ҳисоблаймиз.

Саидхон Хапизов,
шаҳар жамияти мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin