Узоқ муддат фойдаланиладиган ва кафолат муддати белгиланмаган товарнинг ҳам сиз билмаган кафолати бор
Бозорларимиздаги баъзи сотувчиларнинг харидорларга қилаётган муомаласини, “олсангиз сўрангда, олмасангиз суриштираверасизми” қабилида жеркиб ташлашгача бориб етишларини кўриб, “ушбу товарга умуман кафолат йўқ” мазмунидаги сўзларни мижозларга бемалол оғиз тўлдириб гапираверишларини кузатиб туриб, мияга, қизиқ, ривожланган давлатларда истеъмолчига товарнинг сертификатини тақдим қилиб, уни ишлатиб кўрсатиб, кафолат муддатини белгилаб бериб, яна алламбало бонуслар ваъда қилиб маиший техника буюмларини сотаётган сотувчилар бизнинг бозорлардаги худди шундай товарларни сотувчиларга ҳавас қилармикан ёки ҳасадми, деган савол келиб қолади, баъзан.
Мана биргина мисол. “Бу товарлар учун гарантия йўқ, буни харидорга олди-сотди жараёнида айтганман”, – дейди Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги бозорлардан бирида маиший техника буюмларини савдосини амалга ошираётган сотувчи Ҳ.Э. унинг томонидан сотилган маиший техника буюмида нуқсон анилангани ва алмаштириб берилмаётгани хусусидаги мурожаатни ўрганиш давомида туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига берган тушунтириш хатида. Маълум бўлишича товар (блендер) истеъмолчига 1 000 000 сўм эвазига сотилган. Мурожаат эгаси бу пул суммасини рўзғордан орттириб тўплаши осон бўлган дейсизми?
Хўш, бундай ҳолатда нима бўлади? Мен айтганман, бу сотиб олаверди, дейиш билан сотувчи қутилиб кетаверадими? Йўқ. Амалдаги қонунчилик узоқ муддат фойдаланиладиган товарга кафолат муддати белгиланмаган бўлса, истеъмолчи олти ой давомида кафолат муддати белгиланган товардагидек ҳуқуқларга эга бўлишини кафолатлайди. Юқоридаги ҳолат ҳам қонунчиликнинг мазкур талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилинди ва истеъмолчига сотилган нуқсонли товар мақбул сифатдагисига алмаштириб берилди.
Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.
Post Comment