Қўшнисиники билан алмашиб қолган ҳисоб рақами тўғриланди
Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига кўра, истеъмолчиларнинг хонадонларига электр ҳисоблагичларини ўрнатиш ва уларни янгилаш ишлари ҳудудий электр тармоқлари корхоналари зиммасига юклатилган. Aмалдаги норматив ҳужжатларда, жумладан, “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”да ушбу жараён истеъмолчидан қўшимча тўлов талаб қилинмаган ҳолда, тўлиқ корхона ҳисобидан бажарилиши белгиланган. Бу эса аҳолининг қулайлиги ва манфаатларини таъминлашга қаратилган муҳим механизмдир.
Тошлоқ туманида яшовчи истеъмолчи У.Қ. хонадонида юзага келган вазият мазкур қоидаларга амал қилиниши зарурлигини амалда яна бир бор кўрсатди. Унинг таъкидлашича, хонадонидаги электр ҳисоблагични янгилаш жараёнидан сўнг “HET billing” дастурида унинг ҳисоб рақами қўшнисининг рақами билан алмашиб қолган. Натижада тўловларни шакллантиришда чалкашликлар, ортиқча эътирозлар ва ноқулайликлар пайдо бўлган. Туман электр таъминоти корхонасига қилган мурожаатларидан кутилган натижа бўлавермагач, истеъмолчи туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Туман жамияти томонидан мурожаат асосида электр таъминоти корхонасига расмий сўров юборилиб, ҳолат чуқур ўрганилди. Текширувлар давомида маълум бўлишича, эски русумдаги ҳисоблагични ASKUE тизимига мос янги ҳисоблагичга алмаштириш жараёнида истеъмолчи ҳисоб рақами тасодифан қўшнисиники билан алмашиб кетган. Олиб борилган чоралар натижасида истеъмолчи хонадонига ASKUE тизимига мос бўлган ҳисоблагич ўрнатиб берилди ва ҳисоб рақами тўғриланди. Натижада истеъмолчи дуч келган муаммо тўлиқ бартараф этилди.
Ҳуснидахон Якубова,
жамият мутахассиси.



Post Comment