Суд Марғилонлик истеъмолчининг фойдасига қарор чиқарди
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди Марғилон шаҳрида яшовчи истеъмолчи В.Н.нинг манфаатларини кўзлаб киритилган давъо аризасини кўриб чиқиб, унга асоссиз ҳисобланган қарийб 1 606 816 сўм қарз ва пеня мажбуриятининг 1 252 409 сўмини бекор қилди. Судга даъво аризаси Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан киритилган эди.
Истеъмолчи В.Н.нинг таъкидлашича, унинг яшаб турган кўп қаватли уйи 2023-йилдан буён етарли даражада иситилмаган. У бир неча бор муаммога эътибор қаратган, 2025-йилда эса бу борада расмий далолатнома ҳам тузилган. Шунга қарамай, иссиқлик таъминоти корхонаси унга 1 236 319 сўм қарз, шу жумладан 370 497 сўм яқин пеня ҳисоблаган эди.
Суд жараёнида аниқланишича, корхона томонидан тузилган далолатномада 2023–2025-йиллар қиш мавсумида уйга етарли иссиқлик берилмаганлиги қайд этилган. Бу эса истеъмолчи зиммасига қўйилган қарзларнинг қайта кўриб чиқилишини тақозо этади. Суд иссиқлик таъминоти бўйича норматив ҳужжатларни таҳлил қилиб, етарли хизмат кўрсатилмаган давр учун истеъмолчининг бундай тўловлардан озод этилиши лозимлигини маълум қилди.
Натижада суд томонларни тинглаб, жавобгар томонининг судда берган тушунтиришлари ва асосларини ҳам инобатга олган ҳолда, истеъмолчи В.Н.га ҳисобланган 881 912 сўм асосий қарз ҳамда 370 497 сўмлик пеняни бекор қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Шунингдек, жавобгар томондан давлат фойдасига 412 000 сўм давлат божи ундириладиган бўлди.
Бу ҳолат истеъмолчиларга муҳим сабоқ бўла олади: агар хизмат сифати талабга жавоб бермаса, ҳар ким ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳақли. Муҳими — муаммони расмий тартибда қайд эттириш, далолатнома туздириш ва тегишли идораларга мурожаат қилишдан қўрқмаслик.
Саидхон Хапизов,
жамият мутахассиси.



Post Comment