Чакана савдо қоидаларига амал қилмаган сотувчи моддий ва имиж зарарларига дуч келаверади
Бежизга “Ўзбекистон Республикаси чакана савдо қоидалари”нинг техник жиҳатдан мураккаб маиший товарларни сотиш хусусиятлари бобида бундай товарларни реализация қилиниши жараёнида сотувчи томонидан харидорнинг талабига кўра у товарнинг тузилиши ва ишлаши билан таништирилиши, товар йиғилган, техник жиҳатдан соз ҳолатда намойиш қилиниши керак, деб белгилаб қўйилмаган. Қонунчилик сотиб олинган товарнинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас, деган тахминдан келиб чиқиб ёндошади ва юқоридаги нормаларни назарига илмаган сотувчи келгусида турли нохуш ҳолатларга тушиб қолиши мумкин.
Риштон туманилик М.У. туман ҳудудидаги савдо дўконидан 1 850 000 сўм нақд пул эвазига Samsung AU 9000/43 русумли телевизор харид қилганидан сўнг, хонадонига келтириб фойдаланиши жараёнида ундаги телевизион каналлар муайян вақт ўтиб ўз-ўзидан алмашиб қолаверган. Сотувчи билан боғланганида телевизорни ўчириб қайтадан автосозлаш режимига қўйиш ва кутиш тавсияси берилган. Лекин ушбу саъй-ҳаракатлардан ҳам натижа бўлмаган.
Мазкур ҳолатни ўрганиб чиқиш ва нуқсонли бўлган телевизорни бошқасига алмаштириш тўғрисидаги мурожаат Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассиси томонидан ўрганилиши жараёнида истеъмолчи томонидан билдирилган эътирозларнинг ўринли эканлиги маълум бўлди. Шундан сўнг сотувчи билан бу борада музокаралар олиб борилди. Музокаралар эса нуқсонли эканлиги даъво қилинган телевизорни худди шу русумдаги мақбул сифатда бўлган телевизор билан алмаштириб берилиши якун топди.
Шу ўринда аҳолига турли товарларни чакана реализацияси билан шуғулланаётган сотувчиларга чакана савдо қоидаларининг ўзлари сотаётган товарлар билан боғлиқ бобларидаги талаблар билан яқиндан танишиб олиш ва уларга амал қилган ҳолда фаолият олиб боришларини тавсия қилиб ўтамиз. Чунки уларга амал қилмаслик сотувчига нафақат моддий зарарларни олиб келади, балки имижига ҳам салбий таъсирини ўтказмасдан қолмайди.
Хусниддин Латипов,
жамият мутахассиси.



Post Comment