889 минг сўмлик қарз можароси: Марғилонда яна бир истеъмолчи ҳуқуқи ҳимоя қилинди
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан истеъмолчи А.Х.нинг манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари Фарғона туманлараро судига киритилган даъво аризасида иссиқлик таъминоти корхонаси томонидан ҳисобланган 889 322 сўмлик қарз ва пеня мажбуриятидан озод қилиш масаласи кўтарилганди. Суд жараёнида маълум бўлишича, мазкур қарздорлик Марғилон шаҳрилик истеъмолчининг уйига 2024–2025 йилларда иссиқлик таъминоти хизмати етарли даражада кўрсатилмагани оқибатида шаклланган.
А.Х.нинг сўзларига кўра, у 2023 йилдан буён уйида етарли иссиқлик бўлмагани ҳақида иссиқлик таъминоти корхонасига бир неча бор мурожаат қилган. 2025 йилда эса бу борада расмий далолатнома тузилган. Шу билан бирга, унинг уйига иссиқлик тизими талаб даражасида ишламаётгани аниқланганига қарамай, корхона томонидан 684 391 сўм қарз ва 204 931 сўм пеня ҳисоблаган.
Суд жараёнида иссиқлик таъминоти ташкилоти истеъмолчига иссиқлик энергиясини етказиш мажбуриятини бажариши керак бўлса-да, 2024–2025 йилги мавсумда хизмат сифати юзасидан шикоятлар бўлганлиги ҳамда хизмат талаб даражасида кўрсатилмаганлиги ўз тасдиғини топди. Бу ҳолат 2025 йил 15 сентябрда тузилган, уйга етказилган иссиқлик меъёридан паст бўлганлиги ҳолати қайд қилинган далолатнома билан ҳам тасдқиланади. Шу сабаб корхона кейинчалик қарзни қайта ҳисоблаб, унинг бир қисмини ўзи ҳам асоссиз деб тан олган.
Суд, ҳужжатлар ва далилларни ўрганиб чиққан ҳамда жавобгар томонининг қарзнинг муайян қисми асосли эканлиги ҳақидаги важларини ҳам инобатга олган ҳолда, даъвони қисман қаноатлантиришни лозим деб топди. Натижада, А.Х.га нисбатан ҳисобланган 889 322 сўмлик қарз ва пенянинг 693 132 сўмлик қисми — яъни 488 201 сўм асосий қарз ҳамда 204 931 сўм пеня — бекор қилинди.
Федерациянинг Марғилон шаҳар жамияти томонидан йил бошидан буён судларга бир неча даъво аризалар киритилиб, истеъмолчилар ҳуқуқларининг кафолатли ҳимояси таъминлаб келинмоқда. Бу каби ҳолатлар эса аҳоли вакилларининг истеъмолчилар жамоат бирлашмаларига аъзо бўлган ҳолда юртимиз истеъмолчилик ижтимоий ҳаракати фаолиятида фаол иштирок этишининг аҳамиятини яна бир кўрсатиб беради.
Саидхон Хапизов,
жамият мутахассиси.



Post Comment