Шартнома шартларининг ижроси таъминланди

Шартнома шартларининг ижроси таъминланди

Суғурта шартномаси – бу суғурта қилдирувчи (шахс ёки ташкилот) ва суғурталовчи (суғурта компанияси) ўртасида тузиладиган ёзма келишув бўлиб, унда суғурта қилдирувчи муайян ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига, суғурта ҳодисаси юз берганда, суғурталовчидан келишилган суғурта товонини олиш ҳуқуқига эга бўлади ва бу товон қонун ёки шартномада белгиланган шартларга кўра тўланади. Фарғона шаҳрида яшовчи Р.Р.нинг қўлидаги шартномага кўра ҳам суғурта ҳодисаси юз берган, лекин унга тегишли пул маблағини бериш ишлари кечиктириб юборилган.

Ушбу ҳолатни юзага келишига эса истеъмолчи томонидан кредитга автомашина сотиб олиниши ва ўзининг саъй-ҳаракатлари билан кредит бўйича тўловларни муддатидан олдин тўлиқ сўндирганлиги ва келишувга кўра бундай ҳолатда суғурта компаниясидан унга муайян сумма қайтарилиши лозимлиги сабаб бўлган.

Мурожаат Федерациянинг Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида истеъмолчи томонидан келтирилган важларга аниқлик киритиб олингач, суғурта компанияси масъуллари билан боғланилди. Ушбу жараёнда олиб борилган тарғибот ва тушунтириш ишлари эса самарасиз кетмади, суғурта компанияси истеъмолчининг банк пластик картасига тегишли суммани тушириб берди.

Суғурта компанияси томонидан 13 ойдан бери берилмай келаётган пул билан боғлиқ масалани 2 иш кунида ҳал қилиб, ҳаққимни ундириб берилишида фаол ёрдам кўрсатганлари учун жамият мутахассисларига ўз миннатдорчилигимни билдираман, – дейди истеъмолчи Р.Р. мурожаатини ўрганиш якунларидан қониқиш ҳосил қилиб, шаҳар жамиятига берган Ташаккурнома хатида.

Мансуржон Тошканов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin