Бозордан харид қилинган бир қоп гуруч можароси

Бозордан харид қилинган бир қоп гуруч можароси

Турли маҳсулотлар олди-сотдиси жараёнида сотувчида истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш мажбурияти, истеъмолчида эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбурияти бўлади. Истеъмолчи ўз мажбуриятини тўлақонли адо қилиб, шартлашилган пулни тўлаган бўлсаю, сотувчи унга мақбул сифатда бўлмаган товарни бериб юборса нима бўлади? Албатта, бу каби ҳолатларда истеъмолчи ўзига нуқсонли товар сотилганда юзага келадиган ҳуқуқларидан фойдаланади. Нуқсонли товарни мақбул сифатдагисига алмаштириб олиш шундай ҳуқуқлардан биридир.

Ёзёвон туманилик Н.Э. маҳаллий аҳоли тилида “Чоршанба бозори” деб аталадиган бозордан бир қоп гуруч сотиб олган. Хонадонда ўтказиладиган маросимга деб, умумий қиймати 1 000 000 сўмга олинган гуруч хонадонга келтирилганида унинг сифати пастлиги, ёқимсиз бегона ҳид келиши маълум бўлган. Сотувчи эса турли важ-карсонлар билан маҳсулотни алмаштириб бермаган.

Истеъмолчининг бу борадаги муаммо юзасидан туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига киритган мурожаатини ўрганиш жараёнида сотувчи Б.А. билан учрашилганда, у ҳақиқатан ҳам истеъмолчи ушбу масалада унга мурожаат қилганлигини тан олиб, фақат савдода истеъмолчига сотилган гуручдан қолмаганлиги сабабли алмаштириб бера олмаганлигини важ қилиб кўрсатди. Ўрганиш ишлари давомида истеъмолчи эътирозига сабаб бўлган гуруч маҳсулоти худди шу навдаги мақбул сифатлиси билан алмаштирилиб, муаммо бартараф қилинди.

Шавкатжон Сидов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin