Истеъмолчилар дуч келаётган кўпгина муаммоларнинг сабаби уларни тўлақонли маълумотлар билан таъминламаслигида эмасми?
Амалдаги қонунчиликка кўра, ижрочи истеъмолчига хизмат кўрсатиш қоидалари, шунингдек ўзи реализация қилаётган иш, хизматлар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Чунки қонунчилик бу борада юзага келган турли низоларни кўриб чиқишда истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланади.
Агар ичимлик суви таъминоти йўналишини оладиган бўлсак, аҳоли (истеъмолчилар)га бериладиган мазкур маълумотлар жумласига сув ҳисоблагичларни ўрнатиш бўйича амалга ошириладиган ишлар тартиб-қоидалари, шунингдек сув таъминоти соҳасидаги расмий сайтда истеъмолчиларнинг шахсий кабинетлари мавжудлиги, улардан фойдаланиш йўл-йўриқлари тўғрисидаги маълумотларни етказилиши ҳам киради. Зеро истеъмолчи, биргина шахсий кабинетидан тўғри фойдаланишни ўрганиб олиши билан соҳада юзага келаётган бир қатор муаммолар ўз-ўзидан ечим топиб кетиши ҳам мумкин.
Тошлоқ туманилик Б.М. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиб, ичимлик сув таъминоти корхонаси хизматларидан норозилигини, хусусан унинг хонадонига нисбатан 3 400 000 сўм қарздорлик ҳисобланаётганлигини маълум қилиб, ҳолатни ўрганиб чиқиб амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Мурожаат Федерациянинг Тошлоқ туман жамияти мутахассислари томонидан ичимлик сув таъминоти корхонаси масъулларини жалб қилган ҳолда ўрганиб чиқилганда, хонадонга 6 ой аввал сув ҳисоблагич ускунаси ўрнатилганлиги, лекин ҳисоблагич ва унинг кўрсаткичлари Биллинг базага киритилмай қолганлиги натижасида юқоридаги қарздорлик суммаси келиб чиққанлиги маълум бўлди.
Ўрганиш ишлари доирасида сув ҳисоблагич ва унинг маълумотларини базага киритилиши, олиб борилган қайта ҳисоб-китоб ишлари якунлари билан истеъмолчида мавжуд реал қарздорилк суммаси 700 000 сўмни ташкил қилиши қайд қилинди. Истеъмолчи мазкур қарздорлик суммасини бартараф этиши билан юзага келган муаммо бартараф қилинишига эришилди.
Шоҳистахон Раҳимова,
жамият мутахассиси.



Post Comment