Икки жисмоний шахс бир бўлиб кредит олиши мумкинми?

Икки жисмоний шахс бир бўлиб кредит олиши мумкинми?

Одатда, жисмоний шахсга банк муассасаси томонидан бериладиган кредит аниқ битта шахс номига расмийлаштирилиб, банк кредит бўйича асосий сумма ва фоизларни ундириш, кредит бўйича тўловлар кечиктирлилганда судга мурожаат қилиш, форс-мажор ва бошқа ҳолатлар келиб чиққанда ҳолатга мос равишда чора-тадбирлар белгилаш каби ишларни амалга оширишда айнан ўша шахс билан иш олиб боради. Кредит олиш жараёнида иккинчи шахснинг иштироки фақатгина кафил тарзида намоён бўлиши бўлиши мумкин.

Агар ўз номига кредит расмийлаштириб олган банк мижози олинган сумманинг муайян қисмини иккинчи бир шахсга берса, бу иккинчи шахснинг банк ва кредитни олган мижоз ўртасидаги шартнома муносабатларининг қонуний иштирокчиларидан, яъни эндиликда ушбу шахс ҳам кредит тўловлари бўйича тенг (солидар) жавобгарга айланганлигини билдирмайди. Бу ҳолат бир фуқаро иккинчи бир фуқарога қарзга пул берганлиги ҳолати бўлиб, агар қарз олган ушбу фуқаро қарзни берган шахсга пулни ўз вақтида қайтармаса, кредит тўловларини ўз вақтида тўланишига ҳиссасини қўшмаса, бу ҳолатда у банк олдида эмас, балки банкдан кредитни расмийлаштириб олган фуқаро олдида жавобгар бўлади, холос.

Бундай ҳолатлардан бирини Ёзёвон туманида кузатилган ҳолат мисолида кўриб чиқайлик. Шу туманда истиқомат қилувчи М.Ғ. 2025 йил декабр ойида ҳамкасби Н.Ҳ билан келишиб, ўз номига 6 000 000 сўм кредит расмийлаштирган. Ушбу сумма иккиси ўртасида тенг миқдорда бўлиб олиниб, кредит бўйича ойлик 416 000 сўм тўловни ҳам тенг иккига бўлган ҳолда, биргаликда тўлаб боришга келишилган. Лекин январ ойига келиб биринчи тўловни ўзидаёқ Н.Ҳ. сумманинг ўзига тегишли қисмини номига кредит расмийлаштирилган ҳамкасбига бера олмаган. Банк эса ўз-ўзидан кредитни олган М.Ғ.дан тўловларни тўлиқ сўндирилишини талаб қилган.

Истеъмолчининг юзага келган ҳолатда унга амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаати асосида томонларга амалдаги қонунчилик талаблари, истеъмолчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар берилиши жараёнида Н.Ҳ. томонидан ўз ҳамкасби олдидаги мажбурияти бажарилиб, у қарз мажбуриятларини бажармаслик натижасида келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлардан огоҳлантирилди.

Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin