Давлат тилида тақдим қилинмаган йўриқнома ҳамда олинган кредит учун ўз вақтида келиб тушмаган тўлов

Давлат тилида тақдим қилинмаган йўриқнома ҳамда олинган кредит учун ўз вақтида келиб тушмаган тўлов

Риштон туманилик Р.Қ. туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига киритган ёзма мурожаатида телефонидан Instagram ижтимоий тармоғига кириб Beepost иловаси орқали Расторопша капсулаларига буюртма берганлиги, 3 кундан сўнг буюртма етказиб берилганида унинг йўриқномаси рус тилида бўлгани ва у қонунга кўра импорт товарлардаги бу каби маълумотлар истеъмолчига давлат тилида ҳам берилиши лозимлигидан келиб чиқиб, илова оператори билан боғлангани ва ўз талабаларини етказгани, лекин бундан натижа бўлмаганлигини маълум қилади.

Туман жамияти мутахассислари томонидан мазкур мурожаат ўрганилиши давомида, амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчи юқоридаги каби маълумотни оқилона қисқа (кўпи билан уч кунлик) муддатда берилишини талаб қилишга ҳақлилиги, агар маълумот айтилган муддатда берилмаса, истеъмолчида шартномани бекор қилиш ҳамда зарарнинг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келишидан келиб чиқилган ҳолатда саъй-ҳаракатлар олиб борилди. Ўрганиш якунлари билан эса, шартнома бекор қилиниши, товарни сотувчига, унинг учун тўланган пул маблағини истеъмолчи банк картасига қайтарилишига эришилди.

Ёзёвон туманида эса бошқа бир ҳолат кузатилган. Истеъмолчи М.И. ўз яшаш ҳудудидаги Paynet шохобчаси орқали олинган банк кредити учун 830 000 сўм тўловни амалга оширган. Бироқ кейинчалик маълум бўлишича мазкур маблағ истеъмолчи кредит олган “Агробанк” АТБ Ёзёвон филиалининг тегишли ҳисоб рақамига келиб тушмаган. Бу эса истеъмолчи томонидан ўз мажбуриятларини вақтида бажармаслик ҳолатини келтириб чиқарган.

Истеъмолчининг мазкур масалада туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаатини ўрганилиши жараёнида Paynet оператори масъуллари билан боғланилди ҳамда ҳолат юзасидан музокаралар олиб борилди. Бу ишларнинг натижаси билан истеъмолчи томонидан тўланган пул суммасини банк муассасасини тегишли ҳисоб рақамига йўналитирилишига эришилди. Банк муассасасини юзага келган ҳолат, бу борада истеъмолчининг айбсизлиги ҳамда пул маблағини тегишли ҳисоб рақамига йўналтирилганлиги юзасидан хабардор қилиниб, муаммони тезкорлик билан бартараф қилинишига эришилди.

Хусниддин Латипов,
Шавкатжон Саидов,
Риштон ҳамда Ёзвон туман жамиятлари мутахассислари.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin