Далолатнома асосида ҳисобланган зарар суммаси нотўғри бўлиб чиқди

Далолатнома асосида ҳисобланган зарар суммаси нотўғри бўлиб чиқди

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган шаҳарнинг Бозор кўчасида яшовчи истеъмолчи Б.Э. электр таъминоти корхонаси томонидан унинг хонадонига нисбатан расмийлаштирилган далолатномага асосан 34 058 088 сўм қарздорлик даъво қилинаётганлигини, ҳолатни ўрганиб чиқиб, амалий ёрдам кўрсатилишини сўраганди.

Мурожаат ўрганилиши давомида жамият мутахассислари томонидан шаҳар электр таъминоти корхонасига сўров хати киритилди. Олинган жавоб хатида маълум қилинишича, хонадонда электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати бўйича 13.10.2025 йилда тузилган далолатномада уланган қувват нотўғри белгиланиши оқибатида етказилган зарар суммаси ҳам нотўғри ҳисобланишига сабаб бўлган. Ўрганиш ишлари давомида олиб борилган қайта ҳисоб-китоб ишларида хонадондаги аниқланган қувват асосида ҳисоблашлар ўктазилганда, етказилган зарарнинг реал суммаси 1 157 068 сўмни ташкил қилиши маълум бўлган ва 34 058 088 сўм миқдоридаги асосланмаган қарздорликни хатлов орқали бартараф қилиш чоралари кўрилган.

Ўз мурожаатини шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши ишларидан қониқиш ҳосил қилган истеъмолчи, қайта ҳисоб-китоб ишларида аниқланган реал зарар суммасини тўлаб бериши билан муаммо тўлиқ бартараф этилди.

Саидхон Хапизов,
жамият мутахассиси.

Post Comment