“Ёшлар куни” доирасида олий таълим даргоҳи талабалари билан учрашилди

“Ёшлар куни” доирасида олий таълим даргоҳи талабалари билан учрашилди

Мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни масъул вазирлик ва идораларда “Ёшлар куни” бўлиши белгиланиб, соҳага масъул раҳбарларга шу куни маҳалла, таълим муассасаларига бориб, ёшларни эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш каби вазифалар юклатилганди. Дунёда кун сайин ёшлар онгини эгаллаш бўйича янги таҳдидлар юзага келаётган бир шароитда барча даражадаги раҳбарларни ёшлар билан ишлаш бўйича бу каби янги иш тизимига ўтиши эса ёшларимизни турли таҳдидлар ва бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишда ўзига хос аҳамият касб этади.

Шу нуқтаи назардан, бугун Қўмитанинг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Федерациянинг вилоят ҳудудий бирлашмаси масъул ходимлари Central Asian Universityнинг бир гуруҳ талабалари билан учрашиб, улар билан истеъмолчилик соҳасига оид масалаларда суҳбат ўтказдилар. Бу галги суҳбат мавзуси ёшлар учун қизиқ бўлган “назорат хариди” ҳамда “сирли мижоз” тадбирларини ўтказиш йўл-йўриқ ва тартиблари, жорий йилнинг ўтган даврида Рақобат бошқармаси томонидан ўтказилган назорат хариди натижалари юзасидан бўлди. Тадбирда сўз олган ёшлар бу каби тадбирларнинг мамлакатимизда фаолият олиб бораётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, сотувчи, ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчилар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш йўли билан нархлар барқарорлигини таъминлаш борасидаги аҳамияти ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Тадбир доирасида ёшлар ва уларнинг устозларига истеъмолчилик соҳасига оид муаммоларга дуч келинганда ваколатли давлат ва жамоат ташкилотларига мурожаат қилиш йўллари ва тартиблари ҳам эслатиб ўтилди.

Post Comment