Онлайн савдода яширин тузоқлар: ютуқли ўйин ортидаги муаммо

Онлайн савдода яширин тузоқлар: ютуқли ўйин ортидаги муаммо

Сўнгги йилларда юртимизда онлайн савдо ҳажмининг кескин ошиб бораётгани билан бир қаторда, турли маркетинг усуллари орқали истеъмолчиларни жалб қилиш ҳолатлари ҳам кенгаймоқда. Айниқса, таълим муассасалари ходимларини нишонга олган “акциялар”, “ютуқли ўйинлар” ва “чегирмали таклифлар” кўринишидаги ташаббуслар кўпайиб, улар орқали тезкор қарор қабул қилишга ундаш амалиёти кузатилмоқда. Бундай амалиётда қўлланиладиган усулларда кўпинча лоторея ёки ўйин элементларидан фойдаланилиб, истеъмолчиларда ишонч уйғотиш ҳамда уларни муддатли тўлов асосида харидга жалб этиш мақсад қилинади. Бироқ бундай ҳолатлар айрим вазиятларда турли тушунмовчиликлар, молиявий мажбуриятлар ва ҳатто низоларга сабаб бўлаётгани ҳам кузатилмоқда.

Марғилон шаҳридаги умумтаълим мактабларидан бирига ўзларини тадбиркор сифатида таништирган шахслар ташриф буюриб, ўқитувчиларни онлайн савдо асосида товарлар сотиб олишга қизиқтириш мақсадида, улар томонидан “стикер ўчириш ўйини” деб номланган, лоторея шаклидаги ўйин ташкилланади. Ўйиндаги ютуқ эса шу мактабда ишлайдиган Ф.Х. га чиқади.

Ютуқ фонди битта 43 дюм экранли телевизор эканлиги ва совға тез муддатларда келтириб берилиши айтилгач, онлайн платформа орқали Ф.Х.га муддатли тўлов шартларидаги, муайян суммадаги товарлар расмийлаштирилади. “Темирни қизиғида бос” деганларидек, мактабнинг яна беш нафар ходимлари томонидан муддатли тўлов шартларида харид қилинган товарлар тўлови ҳам Ф.Х.нинг пластик картасига боғлаб юборилади.

Гарчи истеъмолчида муддатли тўлов асосида харид қилинган товарлар учун тўловларни ҳамкасблар билан келишган ҳолда тўлаб боришни уддасидан чиқишига ишонч бўлсада, уни товарлар сотиб олишига сабаб бўлган совғани келтириб бериш ишлари пайсалга солингач, истеъмолчи Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, бу борада амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.

Жамият мутахассислари томонидан мурожаат ўрганилиши жараёнида “стикер ўчириш ўйини” ташаббускори, тадбиркорлик субъекти сифатида Андижон вилояти Асака туманидан давлат рўйхатидан ўтган Ф.А. билан боғланилиб, унга амалдаги қонунчилик талаблари ва мазкур талабларга амал қилмаслик натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар тушунтирилгач, истеъмолчи Ф.Х.га ваъда қилинган 43 дюм экранли телевизор келтириб берилди.

Мазкур ҳолат шуни кўрсатадики, истеъмолчилар, хусусан ўқитувчилар турли акция ва ўйинлар орқали таклиф этилаётган харидлар борасида янада эҳтиёткор бўлишлари зарур. Ҳар қандай “ютуқ” ёки “совға” ортида муайян шартлар яширинган бўлиши мумкинлиги инобатга олиниши лозим. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари ҳам амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиши, истеъмолчини чалғитувчи ёки мажбурий харидга ундовчи усуллардан воз кечиши керак. Акс ҳолда, бундай ҳаракатлар нафақат истеъмолчилар ишончига путур етказади, балки ҳуқуқий жавобгарликка ҳам олиб келиши мумкин.

Post Comment