Иссиқлик таъминоти бўйича асоссиз ҳисобланган яна бир қаздорлик суд орқали бекор қилинди

Иссиқлик таъминоти бўйича асоссиз ҳисобланган яна бир қаздорлик суд орқали бекор қилинди

Марғилон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан фуқаро М.Д. манфаатларини кўзлаб судга киритилган даъво аризаси қаноатлантирилди ҳамда истеъмолчи асоссиз ҳисобланган қарздорлик ва пенядан озод қилинди.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судида кўрилган иш материалларига кўра, фуқаро М.Д. яшаб келаётган Марғилон шаҳри Чилонзор маҳалласидаги хонадонга нисбатан Фарғона вилояти иссиқлик манбаи МЧЖ томонидан 2 миллион 186 минг 453 сўм асосий қарз ҳамда 645 минг 473 сўм пеня ҳисобланган.

Бироқ истеъмолчи мазкур қарздорлик асоссиз эканини билдириб, хонадонда 2023 йилдан буён иситиш радиаторлари ўрнатилмагани, фақат тик қувурлар мавжудлиги, шунингдек иссиқлик таъминоти бўйича шартнома тузилмаганини маълум қилган.

Суд муҳокамаси давомида жавобгар корхона вакили ҳам хонадонда радиаторлар мавжуд эмаслигини тасдиқлади. Иш ҳужжатларига илова қилинган далолатномада ҳам истеъмолчининг хонадонида иситиш мосламалари ўрнатилмагани, уй орқали фақат тик қувур ўтгани қайд этилган.

Суд ишни кўриб чиқиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларига таяниб, энергия таъминоти шартномаси энергия истеъмоли учун зарур ускуналар ва қурилмалар мавжуд бўлган тақдирдагина тузилишини таъкидлади. Шунингдек, амалда истеъмол қилинмаган хизмат учун ҳақ ундириш қонунчилик талабларига зид эканига эътибор қаратилди.

Натижада суд Марғилон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг даъво талабларини тўлиқ қаноатлантириб, фуқаро М,Д.ни 2 миллион 186 минг 453 сўм асосий қарз ва 645 минг 473 сўм пенядан озод қилди. Шунингдек, жавобгар корхонадан давлат фойдасига 412 минг сўм давлат божи ундирилиши белгиланди.

Мазкур суд қарори истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилиниши, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар эса ҳисоб-китобларни амалда кўрсатилган хизмат ҳажми асосида юритиши шарт эканини яна бир бор кўрсатди. Шу билан бирга, фуқаролар ўз ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда жамоат ташкилотлари ва суд органларига мурожаат қилиш орқали қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши мумкинлиги амалда ўз тасдиғини топди.

Post Comment