Тадбиркорлик мақсадида харид қилинган товар юзасидан мурожаат ҳам ўрганилди
Тошлоқ туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига фуқаро Р.А. томонидан Фарғона шаҳрида жойлашган савдо дўконидан муддатли тўлов асосида харид қилинган музқаймоқ тайёрлаш ускунаси носоз ҳолатга келиб қолгани юзасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилинди.
Ҳужжатларга кўра, фуқаро 2026 йил 28 феврал куни “FRIGOMAT BL-260” русумли музқаймоқ ишлаб чиқариш ускунасини 40 миллион 61 минг 200 сўм эвазига муддатли тўлов асосида харид қилган. Кейинчалик ускунадан фойдаланиш жараёнида носозлик юзага келгани билдирилиб, уни таъмирлаб беришда амалий ёрдам сўралган.
Туман жамияти томонидан мурожаат қонун доирасида ўрганилиб, савдо ташкилотига расмий сўров хати юборилди. Ўрганиш жараёнида сотувчи томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ускуна кафолат доирасида кўрикдан ўтказилиб, таъмирланган ҳамда фуқарога соз ҳолатда топширилгани маълум қилинган.
Мазкур ҳолатда алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим ҳуқуқий жиҳат мавжуд. Яъни, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 1-моддасига мувофиқ, истеъмолчи — товарни шахсий истеъмол ва маиший эҳтиёжлар учун сотиб олувчи ёки ундан фойдаланувчи фуқаро ҳисобланади. Тадбиркорлик фаолияти ёки даромад олиш мақсадида харид қилинган товарлар мазкур қонун доирасидаги “истеъмол” тушунчасига кирмайди.
Ушбу мурожаатда эса музқаймоқ ишлаб чиқариш ускунаси фойда олиш, яъни тижорат мақсадида фойдаланиш учун харид қилингани кўриниб турибди. Шу боис, амалдаги миллий қонунчилик нуқтаи назаридан Р.А. Рўзихон мазкур муносабатда классик маънодаги “истеъмолчи” сифатида баҳоланмайди.
Шунга қарамасдан, айрим хорижий давлатлар қонунчилигида бундай ҳолатларга нисбатан кенгроқ ёндашув мавжуд. Масалан, Европа Иттифоқининг айрим мамлакатларида, хусусан Франция ва Испания амалиётида микротадбиркорлар ёки якка тартибда фаолият юритувчи шахслар муайян ҳолатларда “заиф томон” сифатида баҳоланиб, истеъмолчиларга яқин ҳуқуқий ҳимоя механизмларидан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, Канада ва Австралиянинг айрим ҳуқуқий амалиётларида ҳам кичик бизнес субъектларининг муайян турдаги шартномавий муносабатлари бўйича истеъмолчиларга хос кафолатлар татбиқ этилиши учрайди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизими ташкилотлари эса амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга амалий кўмак бериш ва муаммоларни судгача ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида бу каби мурожаатларни ҳам атрофлича ўрганиб келмоқда. Зеро, айрим ҳолатларда мурожаат қилувчи шахс расман “истеъмолчи” мақомига эга бўлмаса-да, унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур мурожаат ҳам ана шундай ёндашув асосида кўриб чиқилиб, фуқарога ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ҳамда савдо ташкилоти билан мулоқот ўрнатиш орқали масаланинг ижобий ҳал этилишига амалий кўмаклашилди.



Post Comment