Нуқсонли телевизор муаммоси бартараф этилди
Истеъмолчилар томонидан маиший техника харид қилишда энг муҳим омиллардан бири — маҳсулот сифати ва кафолат хизматининг ишончлилигидир. Амалда эса баъзан кафолат муддати давомида ҳам турли техник носозликлар кузатилиб, истеъмолчилар қийин ҳолатга тушиб қолиши мумкин. Бундай вазиятларда муаммони қонуний асосда ҳал этиш ва мутасадди ташкилотларга мурожаат қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Қўқон шаҳрида яшовчи С.А. товар қийматини бир йил давомида бўлиб тўлаш шартларида 23 000 000 сўмга Haier русумидаги телевизор харид қилган. Ўтган йилнинг ноябр ойида 3 йиллик кафолат муддати билан сотиб олинган телевизорда нуқсон кузатилгач, у мазкур масалада дастлаб сервис марказига мурожаат қилганида нуқсонни тўлиқ бартараф қилишнинг имкони бўлмаган. Шундан сўнг сотувчи билан телевизорни алмаштириш бўйича келишувга эриша олмагач, Федерациянинг 1091 ишонч рақамига мурожаат қилиб, амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Мурожаат Федерациянинг Қўқон шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида сервис маркази устаси томонидан телевизорни дастлабки текшириш ва қайта дастурлаш ишлари керакли натижани бермагач, ишлаб чиқарувчи билан маслаҳатлашган ҳолда телевизорни истеъмолчи хонадонидан олиб кетиб, Тошкент шаҳридаги сервис марказига юборилди. У ерда техник кўрикдан ўтказилган маиший техникадаги нуқсон тўлиқ бартараф этилиб, соз ҳолатга келтирилди ҳамда истеъмолчи хонадонига келтириб берилди.
Мазкур ҳолатда ҳам масъул ташкилотлар аралашуви орқали истеъмолчининг мурожаати ижобий ҳал этилди ва техника тўлиқ соз ҳолатга келтирилди. Бу эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими самарали ишлаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Шу боис, ҳар қандай низоли вазиятда истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини билиб, тегишли идораларга мурожаат қилиш орқали муаммоларини ҳал этишлари мумкин.
Алишер Рахимов,
жамият мутахассиси.



Post Comment