Кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олинмайди: истеъмолчи мурожаати ижобий ҳал этилди

Кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олинмайди: истеъмолчи мурожаати ижобий ҳал этилди

Фарғона вилояти Қува туманида яшовчи фуқаро мурожаати асосида олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида истеъмолчи ҳуқуқлари тикланди. Ушбу ҳолат яна бир бор истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини билиши ва ҳимоя қилиши муҳим эканини кўрсатди.

Маълумотларга кўра, Туркровот МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро маиший чиқиндиларни олиб кетиш хизмати сифатидан норози бўлиб, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг “ишонч телефони”га мурожаат қилган. Мурожаатда “Фарғона тозалик санитар сервис” МЧЖ томонидан тузилган оммавий шартнома талаблари бажарилмаётгани, яъни чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаётгани баён этилган.

Ўрганиш жараёнида аниқланишича, истеъмолчи шахсий ҳисоб рақами орқали хизмат учун мунтазам тўлов қилиб келган бўлса-да, айрим даврларда хизмат умуман кўрсатилмаган. Хусусан, 2026 йил феврал ойида техник сабабларга кўра чиқиндилар олиб кетилмаган бўлса-да, мазкур ой учун 45 000 сўм миқдорида ҳақ асоссиз равишда ҳисобланган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, ижрочи томонидан хизмат кўрсатилмаган ҳолатда, унинг учун ҳақ ундириш қонуний эмас. Бу эса “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талабларининг бузилиши ҳисобланади.
Мурожаатни ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилди. Яъни, истеъмолчининг шахсий ҳисобидан асоссиз ҳисобланган 45 000 сўм қарздорлик чиқариб ташланди ва маблағ истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди. Шу тариқа фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки:

– хизмат кўрсатилмаган бўлса, унинг учун тўлов талаб қилиниши қонуний эмас;
– истеъмолчи ҳар қандай асоссиз ҳисоб-китобларга нисбатан эътироз билдириш ҳуқуқига эга;
– мурожаат қилиш орқали ўз ҳуқуқларини тиклаш мумкин.

Истеъмолчиларга тавсия этилади: агар коммунал ёки бошқа хизматлар бўйича шубҳали ҳолатларга дуч келсангиз, мутасадди ташкилотларга ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи идораларга мурожаат қилишдан тортинманг. Зеро, қонун сизнинг манфаатларингизни ҳимоя қилади.

Адхамжон Хамидов,
жамият раиси.

Post Comment