Нуқсонли товар қайтарилди: истеъмолчи ҳуқуқи устуворлиги таъминланди
Бугунги кунда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳар бир истеъмолчи сифатли ва хавфсиз товар харид қилиш, нуқсон аниқланган тақдирда эса ўз ҳуқуқларини тиклаш имкониятига эга. Шу боис, истеъмолчиларнинг мурожаатлари асосида амалга оширилаётган ўрганиш ишлари уларнинг манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Олтиариқ туманида истиқомат қилувчи истеъмолчи Д.М. маиший техника дўконидан 800 000 сўмга чангютгич харид қилган. Бироқ, уни уй шароитида ишлатиш жараёнида техникада ортиқча қизиб кетиш ҳолати кузатилиб, ёқимсиз ҳид чиқара бошлаган. Ҳолатдан хавотирланган истеъмолчи қурилмани дарҳол электр тармоғидан узиб, сотувчи билан боғланган ҳамда муаммони тушунтирган.
Афсуски, сотувчи томонидан истеъмолчининг мурожаатига етарлича эътибор қаратилмаган. Шундан сўнг истеъмолчи туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма равишда мурожаат қилган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида жамият мутахассислари томонидан ҳолат атрофлича таҳлил қилинди. Сотувчига амалдаги қонунчилик талаблари, бундай ҳолатларда истеъмолчининг талаблари қондирилиши шартлиги юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида сотувчи ўз хатосини тан олиб, истеъмолчидан нуқсонли деб топилган чангютгични қайтариб олди ҳамда унинг учун тўланган маблағни тўлиқ қайтарди. Шу тариқа истеъмолчининг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Хулоса қилиб айтганда, истеъмолчи ҳар қандай нуқсонли товар ёки сифатсиз хизмат ҳолатида ўз ҳуқуқларини талаб қилишга ҳақли. Агар сотувчи томонидан мурожаат инобатга олинмаса, тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш орқали адолатни тиклаш мумкин. Энг муҳими, истеъмолчи ўз ҳуқуқларини билиши ва улардан фойдаланишдан чўчимаслиги лозим.
Бахтиёр Абдурахмонов,
жамият раиси.



Post Comment