Истеъмолчининг товарни қайтариш ҳуқуқи таъминланди

Истеъмолчининг товарни қайтариш ҳуқуқи таъминланди

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 18-моддасига мувофиқ, истеъмолчи сифатли, аммо унга мос келмаган товарни белгиланган муддатда қайтариш ёки алмаштириш ҳуқуқига эга. Ушбу норма истеъмолчининг эркин танлови ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, савдо муносабатларида адолатни таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”га мувофиқ, харид қилинган товар белгиланган талабларга жавоб бермаган ёки истеъмолчига мос келмаган ҳолатларда, сотувчи уни қайтариб олиши ёки алмаштириши шарт. Бу эса истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқлари амалий жиҳатдан таъминланишини кафолатлайди.

Қўқон шаҳрида яшовчи истеъмолчи М. Г. томонидан қилинган мурожаат ҳам айнан шу ҳуқуқий асосларда кўриб чиқилди. Унинг мурожаатига кўра, у шаҳар ҳудудида жойлашган “S… H…” кийим-кечак дўконидан 650 000 сўмга 2 та кўйлак харид қилган. Бироқ, харид қилинган товарни қайтариш истаги билдирилганда, сотувчи томонидан қайтариб олиш рад этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан истеъмолчи Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилган. Мурожаат Федерациянинг Қўқон шаҳар жамияти мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилиб, сотувчига амалдаги қонунчилик нормалари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида муаммо ижобий ҳал этилди. Хусусан, истеъмолчига 300 000 сўмлик 1 дона кўйлак сотувчига қайтарилиб, унинг маблағи тўлиқ равишда қайтариб берилди. Шу тариқа, истеъмолчининг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Хулоса қилиб айтганда, истеъмолчи ўз ҳуқуқларини билиши ва улар бузилганда мурожаат қилишдан тортинмаслиги лозим. Агар сиз ҳам истеъмол соҳасига оид муаммоларга дуч келсангиз, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда унинг ҳудудий ташкилотларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Муҳаммаджон Ўлмасов,
жамият мутахассиси.

Post Comment